Ўз Ру En
×

Хотин-қизлар фаоллиги – жамият фаровонлиги

Ички ишлар вазирлиги академиясида фидокорона меҳнатлари билан жамиятимиз ҳаётида фаол иштирок этаётган хотин-қизлар билан учрашув ташкил этилди.

Юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, гендер тенгликни таъминлаш орқали оила институтини мустаҳкамлаш, аёлларнинг меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса сўнгги йилларда соҳанинг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланиб, мақсадли дастурлар ҳаётга татбиқ этилди. Ҳозирги кунда юртимиз хотин-қизлари давлат ва жамоат ташкилотларининг турли жабҳаларида самарали меҳнат қилишмоқда. Ўзининг ибратли ҳаёти ва фаол ташаббуслари билан юксак мукофотларга сазовор бўлаётган аёлларимиз сафи кўпаймоқда.  

Тадбирда аввалида таниқли олима, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси Жамила Шермуҳаммедова шуларни алоҳида эътироф этди.

– Муҳтарама хотин-қизларни улуғлаш халқимизда қадрият даражасига кўтарилган, – деди у. –  Аммо тарихда уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари топталиб, оиладаги ижтимоий мавқеи камситилган пайтлар ҳам бўлди. Мустақилликка эришганимиздан сўнг опа-сингилларимизга эътибор давлат аҳамиятига молик устувор вазифага айланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимда “келажагимизнинг бахту иқболи бўлган қизларимизни энг гўзал фазилатлар, билим ва одоб соҳибалари этиб тарбиялашни ўз эътиборингизга, ўз масъулиятингизга олсангиз, давлатимиз ҳам, халқимиз ҳам сизлардан чексиз миннатдор бўлади”, - деган эдилар. Бу юксак ишонч ва эътибор барчамизга улкан масъулият юклади, десам муболаға бўлмайди. Жамиятнинг эртанги куни оилалар мустаҳкамлиги, ўша муҳитда камол топаётган фарзандларимизнинг тарбиясига боғлиқ. Демак, униб-ўсиб келаётган қиз фарзандларимиз камолотида ҳамжиҳатликда ишласак, уларнинг орзу-истакларини қўллаб-қувватласак, эртанги кунимизга улкан замин яратган бўламиз.      

Таъкидлаш жоизки, хотин-қизларимиз турли соҳалар қатори, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимида ҳам самарали фаолият юритишмоқда. Ҳар йили Ички ишлар вазирлиги академиясини турли мутахассислик бўйича ўнлаб офицер қизлар муваффақиятли тамомлаяпти. Улар устозларидан олган билим ва амалий кўшикмаларини мамлакатимизда ҳуқуқ тартиботни мустаҳамкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфатларини ҳимоя қилиш, айниқса аёллар ўртасида содир этилаётган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда намоён этишмоқда. Қолаверса, таълим муассасида ўқиш истагида бўлган қизлар сафи ҳам йилдан-йилга кўпаймоқда. Бугун Академия тингловчи-курсантлари орасида давлат мукофотларига сазовор бўлган иқтидорли ёшлар, республика фан олимпиадалари ва кўрик-танловлар совриндорлари, халқаро ареналарда муваффақият қозонаётган барчиной спортчилар талайгина.  

Учрашувда “Зулфия” номидаги давлат мукофоти соҳибалари Зуҳрахон Саидова, Шаҳноза Саматова, Мадина Норчаевалар юртимиз ёшлари учун яратилаётган улкан имкониятларнинг эзгу самаралари ҳақида тенгдошларига фахрланиб сўзлаб беришди. Шу куни иқтидорли ёшлар ўртасида ижодий мулоқот ва ҳамкорликни кучайтириш борасида муҳим ташаббуслар илгари сурилди.

 

ИИВ Академияси матбуот хизмати.

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech