Ўз Ру En
×

ХОРИЖИЙ ТИЛЛАРНИ ҚАЙ ДАРАЖАДА БИЛАСИЗ?

Жорий йилнинг 11-14 ноябрь кунлари ички ишлар органи ходимларининг чет тилларини билиш даражасини аниқлаш мақсадида имтиҳонлар бўлиб ўтди. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳузуридаги Чет тилларни ўқитишнинг инновациявий методикаларини ривожлантириш Республика илмий-амалий маркази ҳамда Тошкент давлат шарқшунослик институти ҳамкорлигида ташкил этилган имтиҳонда ИИВ марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ИИББ ҳамда вилоятлар ИИБлари, шунингдек вазирлик тасарруфидаги таълим муассасалари ходимлари иштирок этди.    

Мамлакатимиз ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар соҳа ходимларининг хизмат фаолияти самарадорлигини оширмоқда. Чунончи, хорижий тилларни билганлик учун рағбатлантириш чора-тадбирларининг йўлга қўйилгани ҳам фикримизга мисол бўла олади. Унга кўра чет тилларини билиш даражасини аниқлаш бўйича имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган касб соҳибларининг лавозим маошларига ойлик устамалар тўланади. Бу ҳам кадрларнинг касбий маҳорати, хорижий тилларни ўрганишга бўлган қизиқишларини оширишга хизмат қилмоқда.

Имтиҳон жараёнларининг биринчи босқичи тест синовлари тарзида ташкил этилган эди. Иккинчи босқичда ушбу синовлардан муваффақиятли ўтган ходимлар оғзаки суҳбат, яъни тинглаб тушуниш, ўқиш, гапириш ҳамда ёзиш каби тил кўникмаларидан билим салоҳиятларини намоён этдилар. Чет тилларини билиш даражасини аниқлашнинг оғзаки суҳбат босқичини баҳолаш Европа Кенгашининг Чет тилини эгаллашнинг умумевропа компетенциялари умумэътироф этган халқаро меъёрлар (CEFR – Common European Framework of Reference) асосида амалга оширилади. Иккинчи босқич натижасига кўра, Ғарбий Европа тилларидан икки ва уч йиллик дастурлар бўйича имтиҳондан ўтганлар 5-10 фоиз, Шарқ тилларидан уч йиллик ва тўрт йилдан кам бўлмаган дастурлар бўйича имтиҳондан ўтганлар 10-20 фоиз ҳамда бир нечта хорижий тилларни билганлиги учун ушбу хорижий тиллардан биттаси бўйича уч йиллик ўқув дастури асосида имтиҳон топшириш шарти билан синовдан ўтганлар эса 20 фоиз миқдорида қўшимча ҳақ оладилар. Чет тилларини билиш даражасини аниқлаш бўйича имтиҳонларнинг ижобий натижаси А2, А2+ даражалари учун икки йил, В1 ва В1+ даражалари учун уч йил ҳамда В2 ва С1 даражалари учун тўрт йил муддатга амал қилади.

Ички ишлар вазирлиги академиясининг Чет тиллар маркази бошлиғи, майор Бекмурод Жабборовнинг айтишича, марказ қошида махсус ўқув курслари фаолият юритмоқда. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети билан ҳамкорлик ташкил этилган машғулотларда ходимлар ва тингловчи-курсантлар етакчи мутахассислардан инглиз, хитой, рус, турк, француз ва немис тилларини мукаммал ўрганиб келишяпти. Бу ҳам ички ишлар органлари учун замонавий талаблар даражасидаги кадрлар тайёрлашда муҳим омил бўлмоқда.

 

ИИВ Академияси матбуот хизмати

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech