Ўз Ру En
×

ХИЗМАТ ИНТИЗОМИНИ МУСТАҲКАМЛАШ – КЕЧИКТИРИБ БЎЛМАС ВАЗИФА

ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармасининг вазирлик Академияси бўйича бўлими вакиллари таълим муассасаси курсантлари билан мулоқот қилишди. Таълим-тарбия жараёнида хизмат интизомини мустаҳкамлаш, курсантларнинг маънавий-ахлоқий фазилатларини шакллантириш тадбирнинг асосий мавзуси бўлди.

Ички ишлар органлари ходимлари орасида хизмат лавозимини суиистеъмол қилиш, фуқароларнинг мурожаатларига юзаки ёндашиш, таъмагирлик ва коррупцияга йўл қўйиш каби салбий иллатлар ҳамон учраб турибди. Тизим фаолияти самарадорлигини ошириш эса  кадрларнинг касбий фазилатларига боғлиқ.

Тадбирда сўзга чиққанлар ички ишлар органларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, ёшлар билан амалга оширилаётган тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш, таълим ва тарбиянинг уйғунлигини таъминлаш орқали уларнинг касбий фазилатларини юксалтириш, айниқса хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш масалаларига тўхталишди.

– Ички ишлар органи ходимларининг хизмат фаолияти жамоат тартиби ва осойишталигини таъминлаш, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган, – деди ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармасининг вазирлик Академияси бўйича бўлими бошлиғи, подполковник Бахтиёр Рапиков. – Академияда таълим олаётган курсантлар ўқишни муваффақиятли тамомлаб, хизмат фаолиятига йўл олишади. Таълим жараёнида улар соҳавий билимларни пухта эгаллаш баробарида, хизмат интизомига амал қилиш кўникмаларини ҳам шакллантириб боришлари лозим.

Тадбир сўнггида Ўз хавфсизлиги бошқармасининг вазирлик Академияси бўйича бўлими томонидан тайёрланган “Жаҳолат қурбонлари” номли фильм намойиш этилди. 

 

ИИВ Академияси матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech