Ўз Ру En
×

ФОЙДА БЕРМАГАН ТАЙМ-АУТ ЁХУД ГОЛЛАРГА БОЙ УЧРАШУВ

Ҳарбий олий таълим муассасалари ўртасидаги футбол турнирининг иккинчи куни ҳам голларга бой ўтди.

Даставвал майдонга Давлат хавфсизлик хизмати академияси ҳамда Миллия гвардия Ҳарбий-техник институти жамоалари тушишди. Биринчи баҳсда ҳар иккала жамоа мағлубиятга учрагани боис, ўйиннинг аҳамияти юқори эди. Баҳс ҳам шунга яраша кескин курашлар остида кечди. Илк дақиқалардан ҳужумга ташганган Давлат хавфсизлиги хизмати академияси футболчилари тезкор голлар эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олдилар. Ҳарбий-техник институт жамоаси рақибларнинг бешта голига икки маротаба жавоб қайтаришди. Иккинчи бўлимда иккала жамоа дарвозаси олдида кўплаб хавфли вазиятлар содир этилди. Ҳарбий-техник институт футболчилари ҳисобни қисқартишга жуда яқин келиб, ҳатто пенальти ишлаб олишга ҳам муваффақ бўлишганди. Аммо шу куни уларга омад кулиб боқмади. Рақибларидан яна бир голни ўтказиб юборган жамоа аъзолари якунда 5:3 ҳисобида аламли мағлубиятни тан олишди. Бу ғалаба Давлат хавфсизлик хизмати академиясига илк уч очкони тақдим этди.

Ниҳоят, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиялари иштирокидаги учрашув бошланди. Ишқибозларнинг қўллаб-қувватлаши остида бошланган беллашув мезбонларнинг тўлиқ устунлигида ўтганини алоҳида таъкидлаш лозим. Замонавий футболнинг ўзига хос жиҳатлари саналган индивидуал маҳорат, тўп назорати ва жамоавий ўйин учрашув тақдирига таъсир этмай қолмади. Рақиб дарвозаси томон уюштирилган ҳужумлар ўз самараси бериб, вакилларимиз 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олишди. Шогирдларининг ўйинидан қониқиш ҳосил қилмаган рақибларимиз бош мураббийи тайм-аут олишга мажбур бўлди. Бироқ шиддатли ўтган биринчи бўлимда дарвозаларга бошқа тўп киритилмади. 

Учрашувнинг иккинчи бўлими Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси курсантлари учун мураккаб кечди. Майдон марказида тўпни тўлиқ назорат қилган вакилларимиз кетма-кет ҳужумга ўтиб, рақиб дарвозабонининг маҳоратини синовдан ўтказишди. Меҳмонлар эса узоқдан йўллаган зарбалари эвазига ҳисобни қисқартиришга ҳаракат қилдилар. Аммо футболнинг “омад кучлиларга кулиб боқади” деган қоидаси шу куни ўз тасдиғини топди. Курсантларимиз яна уч тўп киритиб, рақибларимизни тор-тор келтиришди. 

 Эслатиб ўтамиз, шу кунгача иккитадан ўйин ўтказган Ички ишлар вазирлиги академиясида 6, Давлат хавфсизлик хизмати академиясида 3, Миллий гвардия Ҳарбий-техник институтида 0 очко мавжуд. Шунингдек, Қуролли Кучлар академияси футболчилари ҳам битта ўйиндан сўнг 3 очкони қўлга киритишган. Эртага жамоалар турнирдаги иштирокларини давом эттирадилар.

 

ИИВ Академияси матбуот хизмати

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech