Ўз Ру En
×

ФИНАЛ ОЛДИДАГИ ФИНАЛ

Мухлислар тўла майдон... Тинимсиз ҳайқириқлар... Кескин кураш ва ҳал қилувчи голлар... Ички ишлар вазирлиги академияси ҳамда Қуролли Кучлар академияси жамоалари ўртасидаги учрашув ана шундай руҳда ўтди.

Финал олдидаги финал мақомини олган баҳс ҳар иккала жамоа учун ўзига хос аҳамият касб этарди. Яъни ўйинда ғалаба қозонган жамоа турнир ғолиблигини қўлга киритиш учун яхши имконият ҳосил қиларди. Қолаверса, бу жамоалар ҳали турнир давомида бирор марта ҳам мағлубиятга учрамаган эди.

Ниҳоят, ҳакамнинг ўйин бошлангани ҳақидаги ҳуштаги чалинди. Учрашувнинг дастлабки ўн дақиқаси тенг курашлар остида кечди. Гоҳ меҳмон, гоҳ мезбон жамоа дарвозаси олдида хавфли вазиятлар содир этилди. Бироқ футболнинг “олтин қоидаси” бўлмиш омад рақибларимизга кулиб боқди. Ўзлари учун яратган имкониятдан унумли фодаланган Қуролли Кучлар академияси футболчилари биринчи голни уришга муваффақ бўлди. Бу гол жамоамиз руҳиятига таъсир қилди чоғи, улар жамоавий ҳужумга ўтдилар. Шундай вазиятларнинг бирида рақибларимиз қарши ҳужумга ўтиб, ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. Жамоамиз бош мураббийининг тайм-аутда зарур кўрсатмалар бергани кор қилиб, футболчиларимиз ҳисобни қисқартиришди. Кўп ўтмай, яна бир гол рақиб дарвозаси тўридан жой олди ва жамоалар танаффусга йўл олди.

Иккинчи тайм яна курашлар остида бошланди. Илк дақиқадан ҳужумга ўтган жамоамиз кетма-кет голли вазиятлар яратди. Футболчилар ғалаба иштиёқида тўп суришди. Хавфли ҳужумларнинг бирида рақибларимиз гол киритиб, 3:2 ҳисобида олдинга чиқиб олди. Бу гол Қуролли Кучлар академияси футболчилари шижоатига руҳ бағишлаб, улар яна бир тўп билан олдинга чиқишди. Шундан сўнг футболчиларимиз вазиятни тиклаш учун тайм сўнггига қадар кўплаб ҳужум қилишди. Ҳатто, бир вазиятда ҳисобни 4:3га ҳам қисқартиришди. Аммо ҳал қилувчи баҳс рақибларимиз фойдасига ҳал бўлди.

Турнирнинг иккинчи баҳсида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси жамоаси ҳисобига техник ғалаба ёзилди. Шу куни улар Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти билан куч синаши лозим эди. Мусобақанинг ҳал қилувчи сўнгги ўйинлари ва тантанали тақдирлаш маросими эртага бўлиб ўтади.

 

ИИВ Академияси матбуот хизмати      

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech