Ўз Ру En
×

ФАОЛИЯТ НАТИЖАДОРЛИГИГА ЭРИШИШ – АСОСИЙ МАҚСАД

Ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларда профилактика инспекторлари фаолиятининг натижадорлигини оширишга устувор аҳамият қаратиляпти. Давлатимиз раҳбари Ички ишлар вазирлиги ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилишида ҳам тартиб-интизом, қонунларга ҳурмат, аҳолининг осойишталиги, энг аввало, маҳаллада тўғри йўлга қўйилиши зарурлигини таъкидлади.

Айни кунларда Академия ўқув полигонида ички ишлар органларининг профилактика инспектори лавозимига тўғридан-тўғри қабул қилинган ходимлар касбий тайёргарликдан ўтмоқда. Уларнинг малакасини юксалтириш, соҳага оид билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида ўқув режаси ишлаб чиқилган. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятига оид ислоҳотлар, тизим самарадорлигини таъминлашнинг устувор йўналишларидан келиб чиқиб, назарий ва амалий машғулотларга тажрибали амалиёт ходимлари, малакали профессор-ўқитувчилар кенг жалб этилмоқда.

– Профилактика инспекторлари туну кун халқ хизматида бўлади, аҳолининг дарду ташвиши билан яшайди, – дейди Касбий тайёргарлик факультети бошлиғи, полковник Абдукарим Шодиев. – Жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар ҳамда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ҳар бир соҳа ходимидан етук салоҳиятни талаб қилади. Таълим сифатини оширишда айни шу жиҳатларга алоҳида урғу берилмоқда. Асосий мақсадимиз фаолият натижадорлигига эришишдир.

Айтиш жоизки, ўқув полигонида тингловчиларнинг билим олиши ва ўз устида ишлаши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Соҳа фахрийлари билан ўтказилаётган учрашувлар, китобхонликни тарғиб этувчи тадбирлар соҳа вакилларининг маънавий-ахлоқий фазилатларини юксалтиришда муҳим омил бўлаётир.

 

ИИВ Академияси ахборот хизмати

 

 

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech