Ўз Ру En
×

ФАХРИЙЛАР БИЛАН УЧРАШУВ

Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг “Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Фахрийларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган қарорда  “Кексалар ҳафталиги”ни ташкил этиш борасида муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Таълим муассасамизда ушбу ҳафталик доирасида фидокорона меҳнат қилаётган бир гуруҳ фахрийлар билан “Уч авлод учрашуви” ўтказилди. Унда сўзга чиққанлар ёши улуғ инсонларни қадрлаш халқимизга хос фазилат бўлиб, сўнгги йилларда уларга юксак даражада эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилаётганини эътироф этишди. Айниқса нуроний отахону онахоналаримизнинг турмуш шароитларини яхшилаш, жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш ҳамда бой ҳаётий тажрибасидан унумли фойдаланиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Учрашув чоғида соҳа фидойилари ўзларининг болалик орзу-ҳаваслари, машаққатларга бой меҳнат фаолияти, хизматда эришган ютуқлари ҳақида ёшларга тўлқинланиб сўзлаб беришди. Албатта, бу каби тадбирлар ўсиб келаётган ёш авлоднинг она Ватанимизга бўлган дахлдорлигини янада кучайтириб, уларни хизмат бурчи ва қасамёдига садоқат руҳида тарбиялашга, касбий ҳамда маънавий-ахлоқий фазилатларини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшади. Зеро, ички ишлар органлари фахрийларининг касб йўли, кўп йиллик амалий тажрибаси ўқув даргоҳимиз тингловчи ва курсантлари учун чинакам ибрат мактабидир.

 

Тоҳир САРМОНОВ,

Ички ишлар вазирлиги академиясининг

1-ўқув курси бошлиғи, подполковник.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech