Ўз Ру En
×

Эзгу амали билан улуғдир инсон…

Яхшилар ўлмайди, дейди кексаларимиз. Уларнинг ибратга тўла ҳаёти, эзгу амаллари йиллар ўтса ҳамки, ўзининг асл қадр-қимматини йўқотмайди. Шундай инсонларда бири – фидоий устоз, марҳум генерал-майор Убайдулла Таджиханов эди.

 Ўз касбини ардоқлаб яшаган бу инсон ҳаёт бўлганида ҳозир табаррук 80 ёшни қарши олган бўларди. Унинг хотирасига бағишлаб Ички ишлар вазирлиги академиясида ўтказилган тадбирда соҳа фахрийлари, Убайдулла Таджихановнинг сафдош дўстлари, шогирдлари, жамоатчилик вакиллари, ўқув даргоҳи профессор-ўқитувчилари ва курсантлар иштирок этди.     

Тадбирни Академия бошлиғи, генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов олиб борди. 

– Убайдулла аканинг касб фаолиятида собиқ Тошкент олий милиция мактаби, кейинчалик Ички ишлар вазирлиги академиясини бошқарган йиллари алоҳида ўрин тутади, – дея хотирлади у. – Бу давр илм даргоҳи ҳаётида туб бурилишлар ясаган йиллар сифатида тарихга муҳрланди. Чунки республикамиз ўз мустақиллигини қўлга киритганидан кейин ички ишлар соҳасида малакали кадрларга бўлган эҳтиёж ошганди. Мамлакат иқтисодий-ижтимоий жиҳатдан энди оёққа тураётган масъулиятли паллада тинчлик-осойишталикни таъминлаш, ҳуқуқ-тартибот тизимлари учун муносиб кадрлар етиштириш муҳим масала саналарди. Ўқув даргоҳи раҳбари сифатида у кадрлар тайёрлаш сифатини янада оширишга эътибор қаратди. Кейтнчалик янги ўқув бинолари, назарий ва амалий машғулот хоналари, спорт комплекслари, турар жойлар барпо этилди. Хорижнинг турдош олий ўқув юртлари билан халқаро ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Яна бир жиҳатни эътироф этиш керак, Убайдулла аканинг ташаббус ва фаоллиги билан илмий даражалар берувчи илмий ва ихтисослаштирилган кенгашлар  иш бошлади. Бир сўз билан айтганда, ўқув даргоҳи қисқа фурсатда республикамиздаги етакчи олий таълим масканларидан бирига айланди.  

Тадбирда сўзга чиққанлар юридик фанлари доктори, профессор Убайдулла Таджихановнинг машаққатларга бой ҳаёт йўли, илмий-амалий фаолияти, қилган эзгу амалларини ёдга олишди. Зеро, у ҳаётининг салкам эллик йилини ички ишлар соҳасига бағишлаганди. Жонкуяр ва талабчан раҳбар, фидоий инсон бўлиш билан бирга, Ўзбекистонда ҳуқуқий маданият назариясига асос солган олим сифатида ўнлаб дарслик ва қўлланмалар яратди. Унинг соҳа йўлидаги хизматлари давлатимизнинг муносиб эътирофига сазовор бўлди.

Убайдулла Таджиханов истеъфога чиққандан кейин ҳам кўп йиллик тажрибаси, ибратга тўла ҳаётий ўгитлари билан ёш авлод таълим-тарбиясига ҳисса қўшди. “Устоз – шогирд” анъаналарини давом эттирган ҳолда турли маънавий-маърифий тадбирларда фаол қатнашди. Ички ишлар органлари сафига қабул қилинган ёш кадрлар, Академияда таълим олаётган тингловчиларга соҳа сир-асрорларини ўргатди. У оилада фарзандларининг таянчи ва суянчи, невара-ю, эвараларнинг меҳрибон бобоси эди. Рафиқаси Муборак ая билан уч ўғил ва икки қизни тарбиялаб, вояга етказди.

Тадбирда марҳумнинг шогирду дўстлари, оила аъзолари илиқ хотираларни ёдга олишди. Убайдулла Таджихановнинг умр йўлларига бағишланган “Инсон ёди азиз... ” номли фильм барчада илиқ таассурот қолдирди. Шундан сўнг меҳмонлар Академия тарихи музейида бўлиб, соҳа фидоийларининг хотирасини абадийлаштириш мақсадида олиб борилаётган хайрли ишлар билан танишишди.

 

Жамшид ХОЛОВ,

катта лейтенант.

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech