Ўз Ру En
×

ЁШЛАР МАЪНАВИЯТИ МУҲИМ МАСАЛА

Академиянинг Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси кафедраси томонидан ўтказилган давра суҳбатига таниқли адиб ва ижодкорлар таклиф этилди.

Тадбир аввалида таълим муассасаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Музаффар Зиёдуллаев сўз олиб, ички ишлар органлари тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар, соҳа учун профессионал кадрлар тайёрлашда тингловчи-курсантларнинг маънавий-ахлоқий фазилатларини юксалтиришнинг муҳим жиҳатларига тўхталди.

Сир эмаски, бугун жаҳонда ёшларимиз таълим-тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи ёт ғоя ва мафкуралар тобора авж олаяпти. Айниқса терроризм, диний ақидапарастлик каби таҳдидлар, кибер оламда содир этилаётган ахборот хуружлари барчамизни огоҳ ва ҳушёр бўлишга, миллий қадриятларимизни асраб-авайлашга ундамоқда. Бундай кескин шароитда ёшлар тарбияси, уларнинг маънавий камолоти масаласи долзарб аҳамият касб этиши табиий. Шу боис мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларни билим олиш, касб-ҳунарга йўналтириш, ахлоқий фазилатларини юксалтириб боришга устувор вазифа сифатида қаралаяпти.

– Ёшларга эътибор давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан биридир, – деди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Чори Латипов. – Мамлакатимизда униб-ўсиб келаётган ўғил-қизларимиз учун барча имкониятлар яратилган. Билим олишга чанқоқ, интилувчан ёшларимиз ўзлари орзу-ният қилган таълим муассасаларида таҳсил олиб, келажак мақсадлари йўлида дадил қадам ташлаяптилар. Баъзан ойнаи жаҳон орқали ёки маҳалла-кўйда турли ёт мафкуралар таъсирида жиноят кўчасига кириб қолаётган ўсмир-ёшлар ҳақида эшитиб қоламиз. Таассуфки, бунинг замирида маънавий билимсизлик, бепарволик, лоқайдлик каби омиллар турибди.

Давра суҳбатида ёшларни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашда адабиётнинг, айниқса буюк аждодларимиз илмий меросининг бебаҳо ўрни борлиги, жамиятда китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилаётган эътибор ўзининг ижобий самараларини кўрсатаётгани, бу борада Президентимизнинг беш муҳим ташаббуси ёш авлодни баркамол вояга етказиш, иқтидор ҳамда салоҳиятини рўёбга чиқаришга турки бўлаётгани эътироф этилди. Шу куни Академия профессор-ўқитувчилари ҳам сўзга чиқиб, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятида ёшлар билаш ишлаш самарадорлигини ошириш, соҳа ходимларининг касбий ва маънавий фазилатларини мустаҳкамлаш мақсадида таълим жараёнига татбиқ этилаётган янгиликлар борасида мулоҳазалар билдиришди.

Тадбир давомида меҳмонлар энг сара ижод намуналарини ёшлар билан баҳам кўриб, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан нашрдан чиқарилган турфа адабиётларни совға қилишди.

 

ИИВ Академияси ахборот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech