Ўз Ру En
×

Дахлдорлик ҳиссимизни кучайтирайлик!

Ички ишлар вазирлиги академиясида “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун асосида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Тошкент шаҳар ҳамда Мирзо Улуғбек туман кенгашлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда давлатимиз томонидан ёшларнинг жамият ҳаётидаги ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш, орзу-умидларини рўёбга чиқариш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор хусусида сўз борди.   

Юртимиз аҳолисининг 60 фоиздан ошиқ қатлами ёшлардан иборат. Шу боис, ёшларга оид давлат сиёсати мамлакатимизда устувор аҳамият касб этади. Сўнгги йилларда соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида фармон ва қарорлар, давлат дастурлари қабул қилинди, муҳтарам Президентимизнинг муҳим ташаббуслари ҳаётга татбиқ этилди.  Айниқса, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилингани уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, касбга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш, ҳаётда ўз ўрнини топиши учун муносиб шароит яратиш ҳамда ташаббусларини рағбатлантиришда мустаҳкам пойдевор бўлмоқда.

Давра суҳбатида ёшлар билан ишлаш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар ўзининг ижобий натижаларини кўрсатаётгани айтиб ўтилди. Хусусан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Академиядаги бошланғич ташкилоти ўз атрофига фаол ва шижоатли ёшларни жамлаган. Ташкилот ташаббуси билан ўтказилаётган маънавий-маърифий ва оммавий-спорт тадбирлари уларни эзгу мақсадлар сари бирлаштириб, ҳар томонлама етук кадрларни тайёрлашга хизмат қилмоқда.

– Президентимизнинг “Янги Ўзбекистонни, албатта, ёшлар билан бирга қурамиз!” деган даъватлари келажак авлод учун берилган юксак ишонч ва масъулиятни англатади. Академиямиз ходимларининг салмоқли қисмини ёш мутахассислар ташкил этади. Бундан ташқари, кундузги ва сиртқи таълим йўналишида 2 мингдан зиёд курсант-тингловчи замон талаблари даражасида билим олмоқда. Соҳага оид изчил ислоҳотлар натижасида улар фан, таълим ва спорт соҳаларида ютуқларни қўлга киритишяпти. Ёш олим ва илмий тадқиқотчиларимиз сафи ҳам йилдан-йилга кенгаймоқда, – деди ИИВ Академияси саф қисми бошлиғининг ўринбосари, подполковник Тоҳир Азимов.   

Тадбирда ёшларнинг эзгу ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ислоҳотлар жараёнида ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш, уларни ўйлантираётган муаммоларнинг ечимини топиш, бу борада бошланғич ташкилотлари фаолиятини кучайтириш борасида фикр алмашилди. Бир гуруҳ фаоллар Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Мирзо Улуғбек тумани кенгашининг ташаккурномаси билан тақдирланди.

 

ИИВ Академияси матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech