Ўз Ру En
×

ЧЎЛПОННИ ВА УНИНГ АСАРЛАРИНИ ҲАММА БИЛИШИ КЕРАК!

Ўзбек адабиётининг атоқли намояндаларидан бири Абдулҳамид Сулаймон ўғли Юнусов — Чўлпон мус­тақиллик йўлида жон фидо қилган, мустамлакачиларга нафратини ошкора изҳор этган жасур маърифатпарвар жадидчи ҳамда катта истеъдод соҳибидир. Чўлпон эҳтиросли ва ёрқин асарлари билан ўзбек халқининг миллий онгини уйғотишда, унинг янгича маънавиятини шакллантиришда катта хизмат қилди ва чин маънода умумхалқ шоири, миллий санъаткор даражасига кўтарилди.

Президентимиз «Абдулла Қодирий ва Чўлпон ижодини ёшларга чуқурроқ ўргатиш зарур», деганларида, ўзбек халқининг кўнглидаги туйғуларни ифодалаб, улуғ аждодларимизга, хусусан, Чўлпонга жуда катта баҳо берди. Бугунги хавф-хатарлар шундоқ ҳам бе­зовта дунёнинг ташвишларини кўпайтираётган таҳликали даврда, буюк аждодларимизнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш орқали ҳар қандай таҳдидларга нисбатан сабот ва шижоат билан тура оламиз. Масалан, Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз» романини ёшларга чуқурроқ ўргатиш кишини кеча, бугун ва эрта ҳақида, инсон умрининг мазмуни тўғрисида фикрлашга ундаши шубҳасиз. Бу эса курсант ва тингловчилар маънавиятини шакллантиришда муҳим маънавий қурол бўлиб хизмат қилади. Чунки бугунги тезкор замон ходимдан янгиликларга зийраклик ва эпчиллик билан мослаша оладиган, албатта, юксак маънавиятли ҳамда ходимга хос бўлган ҳалоллик, чидамлилик, мардлик, юксак маънавиятлилик, метин интизом каби сифатларга эга бўлишни талаб этмоқда.

Чўлпон меросини чуқур ўрганиш янги Ўзбекистон равнақи йўлида бир тану бир жон бўлиб, ҳақиқий ватанпарварлик, фидойилик, мардлик ва қаҳрамонлик намуналарини кўрсатиб хизмат қилиш қобилиятини янада мустаҳкамлайди. Ёшларни мус­тақил ва янгича фикрлашга, бадиий образлар тимсолида чин инсоний фазилатларга эга бўлишга ундайди.

Ижодини 1913–1914 йиллардан бошлаган Чўлпон ҳам шоир, ҳам носир, ҳам драматург сифатида миллий адабиётимиз равнақига салмоқли ҳисса қўшди. Ўз халқининг бахти, юрт келажаги, мустақиллиги, озодлиги йўлидаги курашнинг адабий солномаларига айланган икки юздан ортиқ шеърий асарлар яратган етук лирик шоир, айни пайтда, йирик носир сифатида ўнлаб публицистик мақолалар, очерк ва ҳикоялар, «Қор қўйнида лола», «Ёв» қиссаларини нашр эттирган истеъдодли адиб ҳамдир. Ўзбек халқининг
XX аср бошларидаги ҳаётини бадиий гавдалантиришни мақсад қилиб қўйган Чўлпон «Кеча ва кундуз» романида Туркис­тоннинг зулмга, жаҳолатга, адолатсизлик ва ҳақсизликка тўла турмушини очиб берган.

Чўлпон драматург сифатида ҳам салмоқли ижод қилган. Унинг «Халил фаранг», «Чўрининг исёни» каби кичик пьесалари, «Ўртоқ Қаршибоев», «Муштумзўр» каби етук драмалари ҳамда кўп вақт саҳнадан тушмаган «Ёрқиной» пьесалари машҳур бўлган. Шунингдек, рус ёзувчиси
В. Ян билан ҳамкорликда «Ҳужум» драмасини яратган.

Адабий танқид соҳасида «Шўро ҳукумати ва садои нафиса», «Адабиёт надур?» каби мазмунли мақолалар яратган адиб моҳир таржимон сифатида М. Горькийнинг «Она»,
А. Пушкиннинг «Дубровский» қиссаси ва «Борис Годунов» каби пьесаларини ҳамда В. Шекспирнинг машҳур «Ҳамлет»ини ўзбекчага ўгирган.

 

Афсуски, Чўлпон ҳам халқимизнинг бошқа кўпгина асл фарзандлари каби, қатағон қурбони бўлди: 1937 йил 14 июль куни Чўлпон қамоққа олинади. Ҳеч қандай далил-исбот бўлмаса-да, унга «халқ душмани», «миллатчи», «аксилшўровий» деган айблар қўйилиб, бир йиллик даҳшатли қийноқлардан кейин 1938 йил 4 октябрь куни отиб ташланади.

Унинг асарларини нашр этиш, нашр этилганларини ўқиш ва умуман Чўлпон номини тилга олиш қатъиян тақиқланди. Бу аҳвол 1956 йилгача давом этади. Сталин кирдикорлари фош қилингандан сўнг Чўлпон бутунлай оқланади, аммо шундан кейин ҳам бу улуғ адиб яна 30 йил мобайнида рўшнолик кўрмайди. Унинг асарлари нашр қилинмади, ижоди ўрганилмади, уни адабиётдаги ўз ўрнига қайтариш иши пайсалга солиб келинди. Негаки, ҳамон ҳукмронлик қилишда давом этаётган коммунистик партия Чўлпонни ва унга ўхшаган зиёлиларни ўзининг ашаддий мафкуравий душмани деб билар ва улардан ўтдан қўрққандек қўрқарди. Фақат Ўзбекис­тон миллий мустақилликка эришгандан сўнггина Чўлпонга нисбатан йўл қўйилган адолатсизлик барҳам топа бошлади.

Қисқа муддатда унинг «Баҳорни соғиндим», «Яна олдим созимни», «Адабиёт надур?» деган китоблари, уч жилдлик сайланма асарлари босилди, театр саҳналарида драмалари қўйила бошланди. «Кеча ва кундуз» романи асосида видеофильм яратилди, шоир тўғрисида турли-туман мақолалар ва рисолалар эълон қилинди, унинг ҳаёти ва ижодини ёритувчи ҳужжатли фильм дунёга келди, мунтазам бўлмаса ҳамки, Чўлпон кунлари ўтказила бошланди, унинг ижоди ҳақида диссертациялар ёқланди.

1991 йилда чоп этилган бир жилд­лик китобидан Ўзбекистон Қаҳрамони, профессор Озод Шарафиддинов қаламига мансуб Чўлпоннинг кенгайтирилган таржимаи ҳоли ва «Кеча ва кундуз» романи ўрин олган.

Америка Қўшма Штатлари фуқароси, таржимон Кристофер Форт ўзбекнинг жасоратли адиби Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз» («Night and Day») асарини инглиз тилига таржима қилганлиги эътиборга лойиқ тарихий воқеадир. Мазкур янгилик юракларни ифтихорга тўлдиради. Бу миллатимизга бўлган ҳурмат ифодасидир. Бу таржима шоир ва буюк адиб Чўлпоннинг 120 йиллик юбилейига муносиб туҳфа бўлган эди.

Ҳозирги кунда Чўлпон номига нашриёт, кўча, маҳалла, кутубхона ва мактаблар қўйилган. Чўлпонга 1991 йил 25 сентябрда «Яна олдим созимни» китоби учун Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти берилди.

 

Адабиётшунос Озод Шарафиддинов таъбирича, «Чўлпонни англаш — Ватанни, кўҳна Туркистонимизни Чўлпон кўзи билан кўриб, Чўлпон юраги билан сева билмокдир. Бир сўз билан айтганда, Чўлпон ҳар бир адабиёт мухлисининг юрак мулкига айланмоғи шарт. Бунинг учун эса Чўлпон меросини янги тафаккур асосида бағрикенглик билан тадқиқ этмоқ лозим».

Шу ўринда Озод Шарафиддиновнинг китобсеварлик бобидаги қуйидаги фикрларига юзланамиз: «Табиийки, унинг китоблари (Чўлпон ва Абдулла Қодирий)ни ўқиш қатъиян ман қилинган эди. Аммо қуёш нурини ҳеч нарса билан тўсиб бўлмайди. Ҳақиқат йўлида айтилган оташин Сўз мангу яшайди. Бу Сўзнинг одамлар юрагига бориш йўлига ҳеч нарса ғов бўлолмайди. Ўша шароитларда ҳам Чўлпон ва Абдулла Қодирий асарларини яшириб ўқиган одамлар бўлган. Шахсан мен «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён», «Кеча ва кундуз»ни уруш йилларида — мактабда ўқиб юрган кезларимда ўқиган эдим. Бир ўзим эмас, бутун синф ўқиган эдик. Ҳозир бу китобларни қаердан топганимиз эсимда йўқ. Шуниси эсимдаки, ҳар қайси китоб бир болага бекитиқча фақат бир кечага бериларди — эрталабгача ўқиб тугатиб, қайтариб бериш керак эди. Шуниси қизиқки, ҳаммамиз шунга улгурардик — кечқурун ўқишга бошлагандан кейин туни билан аллақанча нашъали ҳисларни ва изтиробларни кечириб, тонг саҳарлаб сўнгги саҳифани ёпардик. Биз, албатта, Қодирийнинг, Чўлпоннинг ҳам «миллатчи» эканини эшитгандик. Уларнинг «заҳарли ғоялари»га берилмаслик кераклигини ҳам билардик. Аммо мурғак онгимиз билан бу «заҳарли ғоялар» нимада эканини англаёлмас эдик. Романларни ўқий бошлаш билан уларнинг сеҳрига маст бўлиб, муаллифларнинг «миллатчи»лигини унутиб қўярдик».

 

Бугун Президентимиз раҳнамолигида китобларни чоп этиш ва уларни жойлардаги кутубхоналарга етказиш масаласи самарали йўлга қўйилди. Гап энди яратилаётган имкониятларга шукроналик қилиб, китоб дунёсидан оқилона фойдаланишда. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «маданият ёшликдан, инсонни болалар боғчасида, мактабда китоб ўқишга ўргатишдан бошланади».


Шу боис бугунги кунда Президентимизнинг Мурожаатномаси ҳамда жорий йилнинг 20 май куни Адиблар хиёбонида билдирган фикрлари, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг қизиқиш ва интилишларини кучайтириш, қобилият ҳамда истеъдодларини рўёбга чиқариш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Академияда бир қатор чора-тадбирларни, хусусан, Чўлпон ҳаёти ва ижодига бағиш­ланган музей ташкил этиш, Ахборот ресурс марказини адиб асарлари билан бойитиш, саҳна кўринишларини, шунингдек, санъат ва адабиёт намоёндалари иштирокида Чўлпон ижодига бағишланган учрашувлар ташкил этиш, адиб асарлари асосида ватанпарварлик, фидойилик намуналарини ифода этувчи ўқув адабиётларини яратиш, у туғилган қишлоқ, маҳалла ва мактаб билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш, Чўлпон ижоди намуналарининг ўзбек, рус ва инглиз тилидаги вариантларини шакллантириш, шеърият кечасини ҳамда «Чўлпон асарлари билимдони» кўрик-танловини ўтказиш, Чўлпон ижодини ўрганиш ва тарғибот қилиш учун виртуал платформа яратиш, адиб ҳаёти ва ижодига бағишланган ҳужжатли фильм тайёрлаш, алоҳида бурчаклар ташкил этиш, курсантлар учун Чўлпон номидаги стипендияни жорий этиш, Тошкент шаҳри адиблар хиёбонида Чўлпон ҳаёти ва ижодига бағишланган сайёр машғулотлар (дарс) ташкил этиш ва бошқа тадбирларни амалга оширишни режалаштирдик.

Хулоса сифатида шуни таъкид­лаш ўринлики, миллий тарихимиз ва адабиётимизда худди кечагидек, бугун ва эртага ҳам, Чўлпон сиймоси ҳақиқат ва поклик, мангу жасорат тимсоли сифатида тилга олинаверади. Унинг бетакрор асарлари эса бадиий дидимизни, миллий ўзлигимизни англашда ҳали узоқ даврлар оша беқиёс хизматлар қилажак.

 

Баҳодир МАТЛЮБОВ,

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси бошлиғи,

генерал-лейтенант.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech