Ўз Ру En
×

Чўлпон музейи ташкил этилди

ХХ аср ўзбек адабиётида жадидчилик ҳаракати намояндаларининг ҳаёти ва ижоди алоҳида ўрин тутади. Бу давр миллатимиз учун Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон сингари маърифатпарвар зиёлиларни етиштириб берди. Афсуски, уларнинг тақдири мустабид тузум олиб борган зулмкорона сиёсат туфайли аянчли якун топди.

 

Буюк адибимиз Чўлпон ижодида миллат ва халқ дарди, унинг илм-маърифатли бўлиши олий ўринни эгаллайди. У ўз даврининг етук намояндаларидан бири сифатида мустамлака сиёсатга қарши ошкора курашди. Жамиятда адолат, тенглик, тараққиёт ва маърифатнинг ҳукм суриши учун интилди, асарлари орқали, том маънода, истиқлол куйчисига айланди. Президентимиз таъбири билан айтганда, “...миллатимиз тақдирини, унинг бошига тушган фожиаларни, озодлик ва эркинлик қадрини ҳеч ким бу мумтоз шоиримиз каби юксак пардаларда куйлаган эмас”.

Истиқлолга эришганимиздан сўнг адибнинг тарихий хотирасини тиклаш, ибратли умр йўли ва адабий меросини аслича ўрганишга эътибор кучайди. Шоирга атаб у туғилиб ўсган Андижонда боғ, ҳайкал ва ёдгорлик музейи барпо этилди, асарлари қайтадан нашр этилди. Айниқса пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида Чўлпон хотирасига атаб ўрнатилган ҳайкал шоир учун юксак эҳтиром намунаси бўлди, дейиш мумкин. Давлатимиз раҳбари ушбу хиёбоннинг очилиш маросимида маскандаги ҳар бир адиб ҳайкалини муайян олий ўқув юртига бириктириш орқали адибларимиз ижодини чуқур ўрганиш бўйича муҳим тавсияларни берган эди.

Ушбу эзгу ташаббус миллий адабиётимиз фидоийларининг ҳаёти ва ижодини янада кенг тарғиб қилишга йўл очди. Эндиликда Ички ишлар вазирлиги Академиясида яна бир маънавий-маърифий маскан – Чўлпон музейи фаолият бошлади.  

Музейга киришингиздан аввал адибнинг “Адабиёт надур?” мақоласида куюнчаклик билан қаламга олган сатрлари эътиборингизни тортади. Музей йўлагининг икки томонидан адиб хонадонига оид тарихий аёшлар, шоирнинг адабий меросига бағишланган турли рисолалар, Чўлпоннинг мустақиллик йиллари чоп этилган сайланма асарлари, миллий ҳунармандлик намуналари, уй-рўзғор анжомлари ўрин олган. Юқоридаги деворлар бўйлаб эса шоир ҳаёти ва ижодига оид маълумотлар, архив ҳужжатлари, Туркистон матбуоти саҳифаларида эълон қилинган мақола ва шеърлари, адибнинг жадидчилик ҳаракати уламолари билан олиб борган ёзишмалари, шунингдек қатағон даврига доир тергов материалларининг фотонусхалари ўрин олган. Уларни кўздан кечирар экансиз, музейнинг юқори қисмида кўркам ҳолда безатилган адибнинг рамзий ижод хонасига дуч келасиз. Мўъжазгина сандал устидаги лавҳ, фонус, дутор, ёзув машинкаси, патифон, девор бурчагига илинган дўппи ва яктак ўша давр руҳи ҳақида ёрқин таассурот қолдиради. Эътиборлиси, ушбу экспонатларнинг аксарияти бевосита шоир ва у яшаган давр билан чамбарчас боғлиқ.

Музей пештоқидаги шоир сурати ва “Халқ” шеъридан олинган “Бутун кучни халқ ичидан олайлик, қучоқ очиб ҳалқ ичига борайлик!” мисралари ҳам яхлит композиция ҳосил қилган. Гўё, мустақиллик йўлида жон фидо қилган тараққийпарвар адиб шу икки мисра орқали ўзининг бир умрлик орзу-умидларини, эзгу мақсадларини ифодалагандай!

Дарқове, янги музей қошида замонавий “Инфокиоск” ўрнатилди. Томошабинлар ушбу қурилма орқали Чўлпон ҳаёти ва ижоди ҳақидаги маълумотлар, сайланма асарлари, ҳикоялари ва шеърларининг электрон нашрлари билан танишишлари мумкин. Шоир ҳақидаги маълумотлар базасини яратишда Андижон шаҳридаги Чўлпон музейи, пойтахтимиздаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи билан яқин ҳамкорлик қилингани эътиборга молик.

– Тоғам Абдулҳамид Сулаймонқул ўғли Чўлпон ҳақидаги тарихий маълумотлар кўп эмас, – дейди шоирнинг жияни Шарифа ая Мирзаходжаева. – Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари билан маъриатпарвар адибларимизнинг тарихий хотирасини тиклаш, ижодини ўрганишга катта эътибор қаратиляпти. Яқиндагина пойтахтимизда Адиблар хиёбонида барпо этилиб, ўнлаб адибларимиз қатори Абдулҳамид Чўлпон ҳайкали ўрнатилган эди. Эндиликда Академия қошида шоир музейи ташкил этилиб, фойдаланишга топширилибди. Бундан оиламиз аъзолари билан қувониб кетдик. Ушбу масканлар Чўлпон шеърияти мухлислари, тадқиқотчилар учун чинакам ижод мактаби бўлиб хизмат қилади.

Дарҳақиқат, “адабиёт яшаса – миллат яшайди!”. Улуғ адибимиз бошлаб берган маърифат йўли эса миллатимиз фидоийларининг адабий меросини ўрганиш, умр фаолиятини ёшларга ибрат сифатида кўрсатиш каби эзгу ҳаракатлар ила янги давр руҳи билан барҳаёт давом этмоқда. Демак, чўлпоншунослар учун очилмаган қўриқ бўлиб келаётган марралар ҳали олдинда...

 

Жамшид ХОЛОВ, 

катта лейтенант.

 

 

 

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech