Ўз Ру En
×

Чўлпон ижоди – ёшлар нигоҳида

Пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида ўтказилган маърифат дарси “Абдулҳамид Чўлпон ижоди – ёшлар нигоҳида” мавзуига бағишланди. Унда таниқли ёзувчи ва шоирлар, Ички ишлар вазирлиги академияси раҳбарияти, устоз-мураббийлар ҳамда курсантлар иштирок этди.

Адабий кечада сўз олганлар Абдулҳамид Чўлпоннинг ўзбек адабиётида тутган ўрни, бой мероси, мустақиллик йиллари адиб ижодини ўрганиш бўйича амалга оширилаётган эзгу ишлар ҳақида тўхталиб ўтишди.

– Адабиётни ўрганиш миллий ўзликни англаш, маънавиятни юксалтиришга хизмат қилади, – деди таълим муассасаси бошлиғининг ўринбосари, полковник Алишер Абдуллаев. – Мустақилликка эришганимиздан сўнг ўзбек адабиёти намояндаларининг ҳаёти ва ижодига бўлган эътибор янада кучайди. Маърифатпарвар адиб Абдулҳамид Чўлпон истибдод даврида яшаб ижод қилган буюк сиймолардан бири эди. Шоир шеъриятида юртга муҳаббат ва садоқат, мустамлака зулмига нафрат, халқнинг миллий онгини юксалтириш каби ғоялар юксак маҳорат билан қаламга олинган. Шу маънода ҳам, баркамол авлод таълим-тарбиясида адиб ижодининг ўзига хос аҳамияти бор. 

Таъкидлаб ўтилганидек, Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган хиёбон бугун чинакам маърифат ва маданият масканига айланди. Ушбу гўшада ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар ўзбек адабиёти вакилларининг бой мероси ва ибратли умр йўлини ўрганиш ҳамда ёшлар орасида тарғиб этишга туртки бермоқда. Эзгу ишлар самараси ўлароқ, навқирон ўғил-қизлар орасидан ўзбек шеърияти давомчилари, янги-янги истеъдод эгалари етишиб чиқмоқда. 

– Академиямизда Чўлпон ҳаёти ва ижодини ўрганиш мақсадида кўрик-танловлар, мушоира ва адабий кечалар мунтазам ўтказиляпти, – деди 2-босқчи курсанти Мафтуна Неъматова. – Айниқса адиб номидаги стипентиянинг таъсис этилгани биз, ёшлар учун улкан имкониятлар эшигини очди. Бугунги тадбирда буюк бобокалонимиз ижодини ёдга олиш билан бирга, пойтахтимиздаги олий ўқув юртларида таълим олаётган тенгдошларимиз билан ижодий мулоқот қилдик. 

Тадбирда иқтидорли курсантлар шоир ҳаётининг сўнгги кунлари ҳақида тайёрлаган саҳна кўринишини намойиш этишди. Чўлпон шеъларидан ёд айтилиб, адиб ҳайкали пойига гуллар қўйилди. Адабий кеча хиёбонда қад ростлаган Тошкент тарихи музейида давом этди. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган ушбу замонавий маскан кўҳна кентнинг буюк ўтимишини ўзида мужассам этган, десак муболаға бўлмайди. Музейдан ўрин олган тарихий аёшлар, санъат асарлари намуналари ва бошқа осори-атиқалар курсантларда катта таассурот қолдирди.  

 

Жамшид ХОЛОВ,

катта лейтенант.

  

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech