Ўз Ру En
×

Буюк саркарда, илм-маърифат ҳомийси

Академия ўқув полигонида “Амир Темур ва темурийлар даври маданияти” мавзуида давра суҳбати ўтказилди. Темурийлар тарихи давлат музейи билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда Касбий тайёргарлик факультети ўқитувчилари ҳамда тингловчилар иштирок этишди.

Ватанимиз тарихида Амир Темур ва темурийлар ҳукмронлиги даври алоҳида қимматга эга. Зеро, бу даврда Мовароуннаҳр марказлашган давлатчилик барпо этиш, илм-маърифат, маданият, санъат ва бошқа соҳаларда ҳар жиҳатдан юксалишга эришди. Тарихий манбаларга кўра, ўз замонида Амир Темур саройида юздан ортиқ таниқли аллома ва уламолар диний ҳамда дунёвий илм билан шуғулланган. Салтанат пойтахти Самарқанд йирик маданият ва маърифат марказига айланди. Буюк давлат арбоби мамлакат ободлиги ва бунёдкорлик ишларига ҳам катта эътибор қаратиб, шаҳарда кўплаб мадраса ва кутубхоналар, саройлар қурдирди. Соҳибқироннинг ўзи олимларга ҳомийлик қилиш билан бир қаторда, илм-фан билан шуғуллангани ҳақида тарихий маълумотлар бор.

Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, Амир Темур нафақат Самарқанд, балки салтанати тасарруфидаги ўлкаларда ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ҳаракатларини амалга оширди, илм пешволарини алоҳида қадрлаган. Бу ҳақда у ўзининг “Темур тузкулари” асарида шундай қайд қилади: Қайси мамлакатни забт этган бўлсам, ўша ернинг обрў-эътиборли кишиларини азиз тутдим, саййидлари, уламолари, фузало ва машойихларига таъзим бажо келтирдим, ортиқ ҳурматладим”.

Тадбирда сўз олганлар Амир Темур ва темурийлар даврининг аҳамияти, Ўрта аср Мовароуннаҳр тарихини тадқиқ этиш борасида амалга оширилаётган илмий тадқиқотлар, соҳибқироннинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган бебаҳо ҳиссаси ҳақида қизиқарли маърузалар қилишди. 

 

ИИВ Академиясининг Ахборот хизмати

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech