Ўз Ру En
×

БОЛАЛАР ҲУҚУҚЛАРИ КАФОЛАТИ. БУНДА НИМАЛАРГА ЭЪТИБОР ҚАРАТИШ КЕРАК?

Мамлакатимиз Бош қомуси ҳамда бошқа қатор қонун ҳужжатларида бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид нормалар қарор топган. Кейинги йилларда мазкур соҳанинг ҳуқуқий асослари такомиллаштириб борилаётгани қувонарли, албатта.

Академия ўқув полигонидаги давра суҳбатида “Профилактика инспектори – бола ҳуқуқларининг ҳимоячиси” мавзуида мунозара юритилди. Унда Ички ишлар вазирлигининг Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси вакиллари ҳамда таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари ва тингловчилар иштирок этди.

Сўзга чиққанлар юртимизда Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция талабларини ҳар томонлама ҳаётга татбиқ этиш, болалар ҳуқуқлари кафолатларини амалда тўлиқ бажаришга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилаётганини қайд этишди. Чунончи, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун, шунингдек Оила, Жиноят, Жиноят процессуал кодекслари ва бошқа бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қўшимча ҳамда ўзгартиришлар киритилгани, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилиб, унинг асосий вазифалари, фаолият йўналишлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилангани, бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини мониторинг қилиш учун жамоатчилик кенгаши фаолияти йўлга қўйилгани шулар жумласидандир.

Давра суҳбатида ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси катта инспектори, подполковник Аъзамхон Сайфитдинов, Академиянинг Жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш кафедраси бошлиғи, полковник Исомиддин Исмаилов, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси кафедраси катта ўқитувчиси, подполковник Қодирали Саитқулов ва бошқалар мавзу доирасида маъруза қилишди.

 

ИИВ Академияси ахборот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech