Ўз Ру En
×

БОЛА ЖИНОЯТЧИ БЎЛИБ ТУҒИЛМАЙДИ

Фурқат туманида ўтказилган очиқ мулоқотда ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш масаласи атрофлича муҳокама қилинди. Унда тумандаги тўртта сектор раҳбарлари, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар мутасаддилари, маҳалла фаоллари ҳамда профилатика инспекторлари қатнашди.

Таъкидлаб ўтилганидек, туманда 34 та маҳалла фуқаролар йиғини бўлиб, ўтган йил давомида атиги иккита маҳаллада умуман жиноят содир этилмаган. Бу кўрсаткични янада яхшилаш қандай омилларга боғлиқ? Ёшлар орасида профилактик чора-тадбирлар самарадорлигини оширишда нималарга эътибор қаратиш зарур? Очиқ мулоқот шу ва шу каби саволлар атрофида билдирилган мулоҳазалар билан бошланди.

Халқимиз фарзанд тарбиясига алоҳида қарайди. Гўдак туғилиб вояга етгунича, касб-ҳунар эгаллаб, жамиятда ўз ўрнини топгунича ота-онаси, оиласи ва маҳалланинг ғамхўрлигида бўлади. Ёши улуғлардан олган ўгитлари, сабоғи туфайли камолга етади. Бироқ орамизда фарзанд тарбиясига ўзибўларчилик қабилида ёндашадиганлар ҳам йўқ эмас. Тарбияда йўл қўйилган бепарволик эса охир-оқибат турли иллатларни келтириб чиқаради.

–  Болаларни ёшликдан ҳалол меҳнатга ўргатиш зарур, – деди мулоқотда сўзга чиққан ИИВ Академияси бошлиғи, генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов. – Эътибор қаратсак, жамиятдаги кўп иллатларнинг таг-замирида дангасалик, меҳнатдан қочиш, бекорчилик каби қусурлар ётади. Доно халқимизнинг “ҳунарли эл – хор бўлмас” деган пурмаъно мақоли орқали киши дунёга келдими, бирор ҳунарнинг бошини тутиши, шу орқали ўз оиласи, яқинларига наф келтириши уқтирилган. Болаларимизга тўғри йўл кўрсатиб, уларни фойдали машғулот билан банд қилсак, маҳаллада бирорта ҳам жиноят содир этилмайди. Муҳтарам Президентимиз таъбирлари билан айтганда, ҳаётда ўрнини топган инсонда ўзига ишонч, интилиш пайдо бўлади. Ёшларга даромад манбаи яратиб, иш ўргатиб, тетапоя қилсак, 2-3 йилдан кейин ҳеч кимга қарам бўлмайди.

Мулоқот давомида ёшларни иш билан таъминлаш, касб-ҳунарга ўргатиш борасида кўплаб имконият ва шарт-шароитлар яратилаётгани, ҳеч бир бола жиноятчи бўлиб туғилмаслиги, аксинча, оила катталари, маҳалла фаоллари ёш авлод тарбиясидек масъулиятли вазифага жиддий ёндашишлари, маҳаллабай ишлаш тизими орқали ҳар бир ҳудудда кичик тадбирокрликни ривожлантириш, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш,  бунда маҳалла ва профилактика инспектори ҳамкорлигини самарали йўлга қўйиш борасида кўплаб таклиф ҳамда фикрлар ўртага ташланди.

 

ИИВ Академияси ахборот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech