Ўз Ру En
×

Бўлажак раҳбар ходимлар малакавий амалиёт ўташмоқда

Ички ишлар вазирлиги академияси қошидаги Раҳбар кадрларни тайёрлаш факультетининг ташкил этилганига кўп вақт бўлгани йўқ. Бу ерда таълим олган тингловчилар ҳозирда ички ишлар тизимининг турли тармоқларида самарали раҳбарлик қилиб келишмоқда.

Жорий ўқув йилида факультетга 50 нафар ички ишлар органи ходими қабул қилинди. Ўқув режасига мувофиқ, тингловчилар учун Академия полигонида назарий ва амалий машғулотлар ташкил қилинди. Дарслар таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари билан бирга, тажрибали амалиёт ходимлари томонидан олиб борилиб, бунда тингловчилар “Раҳбарликка кириш” ўқув модули бўйича 156 соат, “Ички ишлар органларининг кадрлар билан ишлаш фаолиятини бошқариш” ўқув модули бўйича 146 соат машғулот ўтадилар. Шунингдек, жанговар ва жисмоний қобилиятларни янада шакллантириш мақсадида ўқ отиш, махсус тактика ҳамда саф тайёргарлигидан амалий машғулотлар ташкил этилди.

– Ўқув йиғини давомида тингловчиларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимлари, маънавий-ахлоқий фазилатлари ҳамда дунёқарашини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳозирги мураккаб даврда соҳа ходимлари замонавий таҳдидларга қарши муносиб кураша олишлари керак. Айниқса халқаро терроризм, кибержиноятчилик ва одам савдоси каби жиноятларнинг олдини олиш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу боис тингловчиларимиз махсус амалий машғулотларда иштирок этиб, турли хавф-хатарларни бартараф этиш кўникмаларини ҳам оширдилар. Масалан, ИИВнинг Махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармаси мутахассислари томонидан ўтказилган машғулот портловчи моддалар ва портлатиш ускуналарини аниқлаш, зудлик билан зарарсизлантириш ва йўқ қилиш, турли террорчилик ҳаракатларининг олдини олишга хизмат қилди, – дейди факультет бошлиғининг ўринбосари, майор Аҳмаджон Собиров.

Айни кунларда факультет тингловчилари “Ички ишлар органларининг кадрлар билан ишлаш фаолиятини бошқариш” ўқув модули доирасида эгаллаган назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлаяптилар. Тошкент шаҳридаги ички ишлар органларида ташкил этилаётган кунлик малакавий амалиёт бўлажак раҳбар ходимлар айни муддао бўлмоқда.

 

ИИВ Академияси матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech