Ўз Ру En
×

БИР МУСОБАҚАДА 7 ТА ОЛТИН...

Юртимизда спортнинг комбат айкидо тури билан шуғулланиб, мамлакатимиз ва халқаро миқёсда зафар қучаётган ўғил-қизлар сафи тобора кўпаймоқда. Жорий йилнинг 29 октябрь – 1 ноябрь кунлари Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳри мезбонлик қилган мусобақа ҳам фикримизга мисол бўла олади.

Болалар ва катталар ўртасида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида Ички ишлар вазирлиги академияси шарафини ўн нафар спортчи ҳимоя қилиб, якунда уларнинг барчаси шоҳсупадан ўрин эгаллади. Мусобақада давомида терма жамоамиз 7 та олтин, 3 та кумуш медалига сазовор бўлганини алоҳида эътироф этиш лозим. Жанговар ва жисмоний тайёргарлик кафедраси ўқитувчиси, лейтенант Мухторжон Етмишбоев, курсантлардан Зарина Олимжонова, Беҳруза Баҳриддинова, Аъзам Абдурауфзода, Достон Алламбергенов, Шерзоджон Муродуллаев, Муҳаммадали Поёновлар ўз вазн тоифаларида барча рақибларидан устун келишди. Умидли спортчиларимиздан Миржавҳар Латифжонов, Шоҳрух Суюнов, Аббос Мустафоевга эса кумуш медаллари насиб қилди. 

– Мусобақага жиддий ҳозирлик кўргандик, – дейди жамоа мураббийи, подполковник Шерзод Салимов. –  Баҳсларнинг кескин курашлар остида ўтгани спортчиларимиз учун ўзига хос синов бўлди. Боиси, вакилларимиз эндиликда халқаро мусобақаларда юртимиз шарафини ҳимоя қилишади. 

Шунингдек, армрестлинг бўйича ўтган республика биринчилигида ҳам терма жамоамиз аъзолари фахрли ўринлар соҳиби бўлишди. Жумладан, Алишер Тожиев (1-курс), Баҳодир Тешаев (2-курс), Ҳафиза Тоҳирова (2-курс) олтин, Фирдавс Қўчқоров (3-курс), Интизор Искандарова (2-курс) кумуш ҳамда Нодир Туробов (3-курс), Журъат Исматов (2-курс), Меҳрож Норбеков (2-курс) бронза медаллари билан ортга қайтди.

Бугун Академия саф майдонида спорт мусобақалари совриндорлари тантанали равишда тақдирланиб, давлатимиз томонидан ёшлар камолоти йўлида яратилаётган имкониятлар ўзининг ижобий натижаларини кўрсатаётгани эътироф этилди. Қувонарлиси, яна икки нафар курсантимиз – Бердимурат Кошкинбаев ва Алишер Тожиев Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан “Спорт устаси” унвонига сазовор бўлди. 

 

ИИВ Академияси матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech