Ўз Ру En
×

ҲАМЖИҲАТЛИКДА ҲИКМАТ КЎП

Маҳалла – қадриятлар бешиги. Меҳр-оқибат, обод-ахлоқ, юртга муҳаббат ва садоқат туйғулари шу ерда шаклланади. Халқимиз “маҳалланг тинч – сен тинч!”, дея бежиз айтмайди. Зеро, маҳалладаги носоғлом маънавий муҳит ёшлар камолотига, жамиятга салбий таъсир кўрсатади.

Ички ишлар вазирлиги академияси вакиллари Қўқон шаҳридаги маҳалла фаоллари, ҳудудий профилактика инспекторлари ҳамда ёшлар тарбиясига масъул мутасаддилар билан учрашишди. Унда давлатимиз томонидан ёшлар таълим-тарбияси йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, айниқса келажагимиз ворисларининг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, иқтидорини намоён этиши учун улкан имкониятлар яратилаётгани айтиб ўтилди.

– Ёшлар тарбияси ҳамиша долзарб вазифа бўлиб келган. Фарзандларимизнинг баркамол вояга етишиши учун ҳар биримиз, ота-оналар, маҳалла ва таълим масканлари, шунингдек профилактика инспекторлари ҳам масъулиятни ҳис қилишлари керак. Бугунги мулоқотдан кўзланган мақсад ёшлар билан ишлаш тизимини янада таколиллаштириш, соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этишда илмий-амалий ва методологик кўмаклашишдир, – деди Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи, генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов.

Тадбирда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, маҳалла фаоллари кўмагида аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот ишларини амалга ошириш, ёшларга оид аниқ дастурларни ҳаётга татбиқ этиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш, бўш вақтини мазмунли ташкиллаштириш орқали жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, ватанпарварликка даъват этувчи маънавий-маърифий тадбирлар кўламини кенгайтириш юзасидан зарур тавсия ва мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастуридаги муҳим йўналишлар – давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ, иқтисодиёт, ижтимоий соҳа ҳамда ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича белгиланган устувор вазифалар, уларнинг самарали ижросини таъминлаш борасида тушунчалар берилди.

Ўзаро мулоқотда маҳалла фидоийлари ҳам сўзга олиб, ёшлар бандлигини таъминлаш ва аҳоли муаммоларини ўрганишда қилиниши лозим бўлган ишларга эътибор қаратишди. Шу куни бир гуруҳ фаолларга Ички ишлар вазирлиги профессор-ўқитувчилари томонидан чоп эттирилган ҳуқуқий адабиётлар туҳфа қилинди.    

 

ИИВ Академияси ахборот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech