Ўз Ру En
×

ҚАЛҚОНИНГ БЎЛГАЙМИЗ, ВАТАН!

ИИВ Академияси курсантлари ички ишлар органларининг хизмат қасамёдини қабул қилишди. Тадбир аввалида ўқув даргоҳи бошлиғи, генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов сўзга чиқиб, таълим жараёнида татбиқ этилаётган янгиланишлар ҳамда ички ишлар органлари тизимидаги ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтди.  

– Ёшларимиз бугунимизнинг таянчи ва суянчи, эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи сифатида майдонга кириб келаяпти. Ички ишлар органи ходими бўлишдек шарафли касбни танлаган ўғил-қизларимиз зимасида пухта билим  олиб, касбий, жанговар ва жисмоний кўникмаларни мукаммал ўзлаштириш, замонга мос қадам ташлаш, нафақат касбий, балки маънавий жиҳатдан ҳам етук бўлишдек масъулиятли вазифалар турибди, – деди Академия бошлиғи.

Таъкидлаб ўтилганидек, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар ички ишлар органлари учун кадрлар тайёрлаш тизимини янги босқичга олиб чиқди. Сўнгги йилларда Академиянинг моддий-техника базаси замон талаблари даражасида қайтадан жиҳозланди. Ўқув бинолари, назарий ва амалий машғулот хоналари, спорт мажмуалари, овқатланиш ҳамда дам олиш масканлари замонавий ва кўркам кўриниш олди. Барча қулайликларни ўзида мужассам этган Ахборот-ресурс маркази қуриб фойдаланишга топширилди. Тингловчи ва курсантларнинг билим салоҳияти ва амалий кўникмаларини юксалтириш мақсадида ўқув жараёни хорижнинг илғор тажрибалари ва инновацион ёндашувлар асосида ташкил этилмоқда.

Шундан сўнг курсантлар Ватанимиз ва халқимизга содиқ бўлишга, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларини муқаддас билган ҳолда унга риоя этишга, ички ишлар органлари  низомлари, бошлиқ ва командирларнинг буйруқларини сўзсиз бажаришга, ўрнатилган тартиб ва интизомга қатъий риоя қилишга тантанали равишда қасамёд қилдилар. Шу куни бир гуруҳ иқтидорли ёшлар Ички ишлар вазирининг стипендияси ҳамда Академияда таъсис этилган “Чўлпон” номидаги стипендия билан тақдирланди. Ўқув даргоҳи бошлиғи, генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов фахрий ёрлиқ ва дипломларни танатанали равишда топширди. 

Тадбирда она Ватанимиз тинчлиги ва осойишталигини сақлаш йўлида онт ичган курсантлар сўзга чиқиб, давлатимизнинг юксак эътибори ҳамда ғамхўрлигини доимо ёдда тутган ҳолда халқ манфаатларига хизмат қилишдек олий мақсад билан билим олиш, келажакда етук мутахассис бўлишга ваъда бердилар.

 

ИИВ Академияси матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech