Ўз Ру En
×

АЪЛО ХИЗМАТЛАРГА МУНОСИБ УСТОЗ

Олимларнинг тадқиқотига кўра, январь ойида таваллуд топганлар сабр-тоқатли, қатъиятли бўлиб, ҳаётдаги муаммоларни мустақил ҳал қилишни хуш кўришаркан. Бу қанчалик тўғри билмадикку, лекин лавҳамиз қаҳрамонининг машаққатни сабот билан енгиш, касбга виждонан ёндашиш фазилатлари шундоққина билиниб туради.

Тоҳир ака ички ишлар органидаги хизмат фаолиятини сафдорликдан бошлаган. Унинг шахсий маълумотномасида “милиционер”, “инспектор”, “катта инспектор”, “взвод командири”, “бўлим бошлиғи” лавозимларида ишлаганига кўзингиз тушади. Чиндан ҳам, қаҳрамонимиз тизимнинг турли соҳавий йўналишларида хизмат қилиб, касбий кўникма ва малакасини бойитган. Олий маълумотли бўлишига қарамай, Ички ишлар вазирлиги академиясининг Сиртқи таълим факультетида ҳам таҳсил олиб, ҳуқуқшунос дипломини олган.

Устозлик мақомига эришган ёши улуғларимиз таъбирича, касбга садоқат – муваффақиятлар омили саналади. Касбига ҳалол, виждонан ёндашиб, ҳаётда эътибор ва эътирофларга сазовор бўлган инсонлар ҳақида кўп эшитганмиз. Тоҳир ака ҳам ана шундайлар тоифасидан. Турли йиллар маъсул лавозимларда ишлаган қаҳрамонимиз учун қасамёдга содиқлик, фидоийлик, жамиятга дахлдорлик ҳисси билан яшаш, хизмат интизоми ва қонунийликка қатъий амал қилиш ҳаётнинг олтин қоидаси саналади. Унинг умр гултожини безаб келаётган фазилатлари қаторида одамохунлигини алоҳида айтиш жоиз.

Подполковник Тоҳир Азимов 2015 йилдан буён Ички ишлар вазирлиги академиясида хизмат қилиб келаяпти. Ўқув даргоҳининг кадрлар тайёрлаш салоҳиятини юксалтириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида камол топтириш, айниқса маънавий-ахлоқий шаклланишига ҳисса қўшаётган ҳамкасбимиз жамоада ўзининг муносиб ўрнига эга. Бунинг боиси, устозимиз хизматда ҳам, ундан ташқарида ҳам ҳамиша  сафдошларига елкадош, кўмакдош бўлиб келади. Ҳаётнинг яхши-ёмон дамларида улардан ёрдамини аямайди.  

Саф қисми бошлиғининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаётган Тоҳир акани таниган-билганлар “уставной одам” дейишади. Чунки қаҳрамонимиз ҳар жабҳада ўрнак бўла оладиган инсон. 

– Иш юзасидан маслаҳат сўрасак, ҳеч қачон ёрдамларини аямайдилар, – дейди майор Сухроб Шомансуров. – Бир жамоада хизмат қилган пайтларимиз кунора икки-уч маротаба ҳужжат билан мурожаат қилардим. Тоҳир Саидович ўзбек ва рус тилларини пухта билганлари учун ҳам қоғознинг бир-икки жойини бўяб берардилар. Камчиликларимизни тузатиб боришга ҳаракат қилардик. Йиллар мобайнида улардан олган сабоқларим бугун фаолиятимда асқотмоқда.

Тоҳир Саидович замон билан ҳамнафас юради. Миллионлар ўйининг ашаддий ишқибози саналган бу инсонни хизматдан бўш вақтлари кўркам спорт кийимида, футбол майдонида учратасиз. Бир жамоада тўп суриш нақадар машаққатли эканини аксарият ҳамкасбларимиз яхши билади. Чунки устозимиз футбол майдонида ҳам жуда талабчан!

Дарвоқе, бу йилги Ватан ҳимоячилари байрами қаҳрамонимиз учун ўзига хос ўтди. Ички ишлар органларидаги кўп йиллик самарали хизматлари учун подполковник Тоҳир Азимов “Аъло хизматлари учун” кўкрак нишони билан тақдирланди. Академиямиз саф майдонида ушбу мукофот унга тантанали равишда топширилди. Шогирдлари қатори биз ҳам бундан бениҳоя қувондик.

 

Жамшид ХОЛОВ,

катта лейтенант.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech