Ўз Ру En
×

АКАДЕМИЯ КУРСАНТЛАРИ АМИР ТЕМУР ҲАЙКАЛИ ПОЙИДА

9 апрель – соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган кун. Жаҳон тарихида ўчмас ном қолдирган буюк аждодимиз таваллудининг 685 йиллиги юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда.

Эрта тонгдан пойтахтимиздаги Амир Темур хиёбони ҳар қачонгиданда гавжум бўлди. Кенг жамоатчилик вакиллари улуғ сиймони хотирлаб, унинг ҳайкали пойига гуллар қўйишди.

Ички ишлар вазирлиги академияси вакиллари ҳам буюк саркарда ва давлат арбобига муносиб эҳтиром кўрсатдилар. Зеро, Амир Темурнинг ҳаёт фаолияти, юртни севиш, унинг равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш, тинчлиги учун керак бўлса жон фидо этиш каби улуғвор фазилатлари бугунги авлодлар учун чинакам ибрат ва ғурур тимсолидир.

– Дунёда Амир Темур шахсиятига қизиқиш доимо кучли бўлган, – дейди ИИВ Академияси бошлиғининг ўринбосари, полковник Алишер Алламбергенов. –  Бобокалонимиз нафақат моҳир саркарда, балки илм-фан, маданият, бунёдкорлик ишларининг ҳомийси сифатида ном қозонгани маълум. Ўз салтанатини “Куч – адолатда” тамойили асосида бошқарган буюк аждодимизнинг меросини ўрганиш, ундан ифтихор туйғуларини туйиш ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Тадбир Темурийлар тарихи давлат музейида ташкил қилинган кўргазма билан давом этди. Ўша даврга оид нодир экспонатлар, қўлёзма ва тарихий маълумотлар сақланаётган ушбу маскан, чинакам маънода, ўтмишимиз кўзгусига айланган. Курсант ёшлар пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 121-сонли ўрта таълим макатаби ўқувчилари ҳамроҳлигида музейдан жой олган бебаҳо ашёларни томоша қилишди.

 – Амир Темур бобомизнинг ҳаёти ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлдим, – дейди мазкур таълим маскани ўқувчиси Беҳрузбек Мирзакаримов. – Мен ҳам Ватан ҳимоячиси бўлишдек шарафли касбни орзу қиламан. Курсант акаларим ушбу касбнинг машаққати ва масъулиятини сўзлаб беришди. Бу каби маънавий тадбирлар биз, ёшларни мардлик, жасурликка ундаши, шубҳасиз.

 

ИИВ Академиясининг Ахборот хизмати  

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech