Ўз Ру En
×

Адибларимиз ҳаёти ибратга тўла

Ёш авлод таълим-тарбиясида адабиёт беқиёс ўрин тутади. Аждодларимизнинг ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганиш ёшларнинг маънавий дунёқарашини шакллантиришга хизмат қилади.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида айни шу жиҳатларга тўхталиб, муҳим ташаббусларни илгари сурган эди. Адабиётимиз намояндалари, зиёлилар билан учрашуви чоғида давлатимиз раҳбари аждодлар меросини тиклаш, хиёбондаги адиблар ижодини чуқур ўрганиш ҳозирги мураккаб замоннинг муҳим талаби эканини алоҳида таъкидлади.

Академимизда ҳам ўзбек адабиётининг атоқли вакили Абдулҳамид Чўлпон ҳаёти ва меросини чуқур ўрганиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Адиблар хиёбонида ўтказилаётган маърифий тадбирлар, адабиётшунос олимлар иштирокидаги турли учрашувлар Чўлпон ижодининг янги қирраларини кашф этишга йўл очмоқда, десак муболаға бўлмайди.

Юксак истеъдод соҳиби, маърифатпарвар шоир мустамлакачилик сиёсати авж олган даврда яшаб, ижод қилди. Чўлпон ўзининг бутун ҳаёти ва ижодини мустақиллик учун курашишга бағишлади. Адиб шеърларида миллий юксалиш, юртни севиш, уни тараққий топтириш, хақлнинг миллий онгини уйғотиш масаласи асосий ғояни ташкил этади. Айни шу жиҳатлари билан ҳам Чўлпон асарларини чуқур ўрганиш униб-ўсиб келаётган ёш авлоднинг она Ватанимизга бўлган дахлдорлигини шакллантиришга туртки беради. Адиб босқинчилик, адолатсизлик ва ҳақсизликка қарши ўз нафратини ошкора баён этиб, жаҳолатга қарши маърифат билан курашган эди. У ўзининг “Халқ” шеъридаги “бутун кучни халқ ичидан олайлик, қучоқ очиб халқ ичига борайлик!” мисраси билан она юртига бўлган чексиз меҳр-муҳаббатини, миллий ғурур ва ифтихорини улкан маънавий жасорат билан намоён этган, десак нотўғри бўлмайди.

Мустақилликка эришганимиздан сўнг адибнинг ёрқин хотирасини тиклаш, бой меросини ўрганишга кенг йўл очилди. Шеърий тўплам, ҳикоя ва асарлари қайтадан чоп қилинди. Ўқув даргоҳимизда Чўлпон музейи ва бюсти барпо этилиб, ахборот-ресурс маркази фонди шоирнинг янги нашрдан чиққан китоблари билан бойитилди. Курсантларнинг Чўлпон ижодига бўлган қизиқишини янада ошириш мақсадида маърифат дарслари, кўрик танловлар ва мушоиралар мунтазам равишда ўтказиб келиняти.

 

Куни кеча ўқув даргоҳида шоир ҳаёти ва ижодига бағишланган яна бир тадбир ташкил этилди. Унда адабиётшунос олим, академик Наим Каримов ўзининг кўп йиллик илмий изланишлари самараси ўлароқ Чўлпон илмий меросига оид тўплаган маълумотлари, тарихий воқеаларни сўзлаб берди. Адиб асарларида илгари сурилган миллий истиқлол ғояларининг ёшлар тарбиясидаги ўрни ҳақида мулоҳазаларини баён этди.

Мухтасар қилиб айтганда, адабиётимиз намояндаларининг ҳаёти ва ижодини кенг ўрганиш муҳим тарбиявий аҳамиятга эга. Ҳозирги мураккаб шароит ёш авлодни маънавий-ахлоқий жиҳатдан баркамол этиб вояга етказишни талаб этаётган экан, буюк аждодларимизнинг ҳаёт йўли ва эзгу фазилатлари ибрат сифатида кўрсатишимиз лозим.

 

Ражаббой ОТАЖОНОВ,

ИИВ Академияси бошлиғининг

саф қисми бўйича ўринбосари,

подполковник.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech