Ўз Ру En
×

Адабиёт ёшларни бирлаштирса...

Пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида ҳарбийлаштирилган олий таълим муассасалари ҳамкорлигида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институти ташаббуси билан ўтказилган тадбирда Ички ишлар вазирлиги ҳамда Қуролли Кучлар академиялари профессор-ўқитувчилари ва курсантлари иштирок этишди. Адабий кеча ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодига бағишланди.

Хиёбондаги шоир ҳайкали пойида Бобур асарлари, ўзбек ва жаҳон адабиёти вакиллари томонидан буюк саркарда ҳаётига бағишланган китоблардан иборат бурчак ташкил этилди. Курсантлар шоир ҳаётини ёд этиб, ғазаллари, рубоийларидан парчалар айтишди.

– Дарҳақиқат, адабиёт ёшларни эзгу мақсадлар сари бирлаштирадиган таъсирчан кучга эга, – дейди ИИВ Академияси катта ўқитувчиси, подполковник Абдуваҳоб Холиқов. – Бугунги тадбир ёшларнинг маънавий-ахлоқий фазилатларини юксалтириш баробарида, турдош олий таълим масканлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлади.  Тарихда ўчмас из қолдирган, жаҳон тамаддунига ҳисса қўшган аждодларимиз меросини ўрганиш ёш авлодни юртга дахлдорлик ҳисси билан тарбиялашда муҳим омил бўлади.

Назм ва наво кечасига айланган тадбир давомида курсантлар Бобур ғазалларини куйга солишди. Бадиий ижодга қизиқувчи ёшлар томонидан саркарданинг тарихий портретлари яратилди.

 

ИИВ Академияси матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech