Ўз Ру En
×

АБАДИЯТГА ДАХЛДОР АДИБ

Ёднома

Ёзувчиликнинг машаққати кўп. Адиб ўзи яратган ҳар бир ижод маҳсулида юрак тубидаги кечинмалари, туғёнларини акс эттиради. Янги асари ён-атроф, жамиятда қандай акс-садо беришини интиқиб кутади, бундан илҳомланади. Жаҳон адабиётининг забардаст вакили Эрнест Хемингуэй “ёзувчилик нақадар заҳматли иш. Бу касблар орасида энг мушкули! Агарда у осон бўлганида, унда ҳамма ёзувчиликни ихтиёр этармиди…”, - деганди.

Бир асарни ёзиш учун ижодкор кунлаб, ҳафталаб, баъзан ҳатто йиллаб изланади, тер тўкади. Ботинида йиғилган кечинмалари пишиб етилгач, уни қоғозга тушириб яхлит бир ижод намунасини дунёга келтиради. Бундай асарларнинг “юки оғир”, аудиторияси кенг бўлади. Адабиётимизнинг атоқли вакили Тоҳир Малик ана шундай замондошларимиздан бири эди.

Ижод аҳли орасида “истеъдод шундай нарсаки, у эртами-кеч, барибир, ўзини намоён этади”, деган гап бор. Тоҳир Маликда сўз санъатига ҳавас болаликдан уйғонди. Қизғин адабий муҳит таъсирида улғайган ўспирин йигитнинг биринчи ҳикояси ўн тўрт ёшида “Гулхан” журналида босилиб чиқди. Мактаб, кейинчалик олийгоҳда таҳсил олган йиллари унинг янги ижодий қирралари намоён бўла бошлади. Дарс столи устидаги қўлёзмалар тахламининг катталашиб боргани сайин ёш қаламкашда бадиий ижодга бўлган иштиёқ кучайиб борди. Талабалик йилларидаёқ, у адабиётимиз учун янги йўналиш саналган фантастика жанрига қўл урди. “Ҳикмат афандининг ўлими” асари ўзбек адабиётининг бадиий фантастика, саргузашт жанрида яратилган илк қисса бўлди. Илк асарнинг муваффақиятидан кейин шу жанрда яна бир нечта асарларини ёзди.

Тоҳир Малик ўзбек адабиётида баракали ижод қилди. Унинг деярли барча асарлари китобхонлар томонидан жуда илиқ кутиб олинди. Адибга шуҳрат келтирган асарлар қаторига “Чорраҳада қолган одамлар”, “Талваса”, “Меҳмон туйғулар”, “Одамийлик мулки”, яна ўнлаб ҳикоя ва қиссаларни қўшиш мумкин. Гарчи, бу асарларнинг бадиий тузилиши ранг-баранг бўлса-да, барчасида умумбашарий ғоя – маънавий-руҳий комиллик муҳим ўринни эгаллайди. Адиб инсоннинг ички дунёси, руҳиятига йўл топа олган ёзувчи эди. Чунончи, “Алвидо... болалик” қиссаси оқу қорани танимай, жиноят оламига кириб қолган ўсмир-ёшларнинг ҳаётидан ҳикоя қилади. Асар қаҳрамонларининг тақдири, тўғри йўлдан адашган ёшларнинг фожиали қисмати ўқувчини мулоҳазага ундайди. Гоҳ уларга ачинсангиз, гоҳида ич-ичдан куйинасиз... “Одамийлик мулки” рисоласида эса комиллик, одоб-ахлоқ, андиша, сабр-қаноат, инсонийлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик, сахийлик сингари умумбашарий ғоялар кенг тарғиб қилинган.

Севимли адибимиз умрининг сўнгги йиллари Ички ишлар вазирлиги академиясида ёшларга сабоқ берди. Ўқув даргоҳининг маънавий-маърифий ва илмий салоҳиятини юксалтириш, масканда билим олаётган ёш ўғил-қизларни ҳаётга тайёрлаш, инсонийлик фазилатларини тарбиялаш жараёнларида фаол қатнашди. Машғулотларни ўзининг кўп йиллик ҳаётий тажрибаси асосида олиб бориб, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда жонбозлик кўрсатди. Бутун умри давомида ўз илмини амали учун сарфлаб яшади, она Ватанимиз равнақи йўлида фидокорона хизмат қилди. Жамиятда кечаётган ўзгаришлар, янгиланишлар билан бирга, табиатимиздаги баъзи бир нуқсонлар, вужудимизни кемираётган кўз илғамас иллатларни теран нигоҳ, юксак маҳорат ва куюнчаклик билан қаламга олди. Лоқайдлик, бефарқлик ўзини йироқ туриб, китобхонни мудом огоҳ бўлишга чақирди.  Шундан бўлса керак, адибнинг меҳр ва садоқат туйғулари маҳорат билан тараннум этилган асарлари қалбимиздан жой олди.

Ёзувчининг умр бўйи қилган меҳнати келажак авлодлар учун қолдирган адабий мероси билан ўлчанади. Тоҳир Малик ҳам серқирра ҳаёти ва ижоди билан ўзини абадиятга муҳрлади.

Жамшид ХОЛОВ,

катта лейтенант.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech