1994 йил 2 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ички ишлар вазирлигининг Олий ва Ўрта махсус мактаблари негизида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси ташкил этилди. Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги органлари ва бўлинмалари учун юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг комплекс тизимини ташкил этиш мақсадида Академиянинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
– ички ишлар органларининг олий бошлиқлар таркибини тайёрлаш;
– танлов асосида икки босқичда ички ишлар органларининг олий ва ўрта юридик маълумотли бошлиқлар таркибини тайёрлаш;
– ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш муаммоларини тадқиқ этиш;
– илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш.
Ўтган йиллар мобайнида Академия мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари учун юқори малакали кадрлар тайёрлайдиган етакчи олий таълим муассасаларидан бирига айланди. Бунда юртимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга қодир, она Ватанимизга садоқат билан хизмат қиладиган, ҳар томонлама етук, билимли, жисмонан чиниққан, руҳан тетик, замонавий хавф-хатарларга қарши муносиб кураша оладиган кадрлар етиштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўқув даргоҳининг моддий-техник базаси давр талаблари даражасида янада мустаҳкамланди. Янги ўқув бинолари қурилди, замонавий аудиториялар, мутахассислик кафедралари учун махсус кабинетлар, спорт иншоотлари ва бошқа объектлар барпо этилди, мавжудлари реконструкция қилинди. Ўқув-таълим жараёнига илғор педагогик технологиялар жорий қилиниб, ўқув хоналари зарур жиҳозлар билан таъминланди.
Академия профессор-ўқитувчилари жамоасининг саъй-ҳаракатлари билан нафақат мутахассислик, балки ижтимоий-гуманитар фанлардан ҳам юзлаб дарслик, қўлланма ва маърузалар курслари тайёрланди.
Ҳуқуқшунослик ва бошқа фанларнинг долзарб муаммолари тадқиқ этилган номзодлик ва докторлик диссертациялари муваффақиятли ҳимоя қилинди. Уларнинг натижалари ички ишлар органлари амалий фаолиятига татбиқ этилди. Ривожланган мамлакатлар олий таълим муассасалари билан ўзаро тажриба алмашиш ва илмий-педагогик ҳамкорликни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилди.
Мустақилликка қадар таълим муассасасида 5 нафар фан доктори ва 47 нафар фан номзоди фаолият юритган бўлса, кейинги йилларда Академияда илмий салоҳият анча ошди. Изчил ислоҳотлар самараси ўлароқ, ички ишлар органлари учун олий маълумотли ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди.
Генерал-майор У.Таджихановдан сўнг, Академияга полковник Х.Зокиров, генерал-майор Т.Муллажонов, полковник А.Якубов, полковник Т.Саитбаев ва бошқалар раҳбарлик қилишди. 2016 йил декабрь ойидан Академияга ички ишлар органларида самарали фаолият кўрсатиш бўйича улкан тажрибага эга генерал-лейтенант Б.А.Матлюбов бошчилик қилмоқда.
Бугунги тез ўзгараётган даврда халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, жамоат тартиби ва хавфсизлигини сақлаш масалалари ўта долзарб аҳамият касб этмоқда. Ички ишлар органлари тизимини тубдан ислоҳ қилишнинг асосий йўналишларидан бири, шубҳасиз, ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш фаолиятини такомиллаштиришдир.
Шу жиҳатдан, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 29 июнь куни Ички ишлар вазирлиги Академиясига ташрифи тарихий воқеа бўлди. Мазкур ташриф давомида ўқув даргоҳининг нуфузи ва мақомини ошириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, бир сўз билан айтганда, Академияни бутунлай янги ўқув муассасасига айлантириш устувор вазифалар этиб белгиланди.
Президентимизнинг «Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги (2017 йил 16 август) қарори соҳанинг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланишига хизмат қилди. Мазкур қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва унинг тасарруфидаги таълим муассасаларига қуйидаги саккизта устувор йўналиш бўйича энг муҳим масалаларни ҳал қилиш асосида ички ишлар органлари кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини ривожлантириш вазифаси юклатилди:
биринчидан — ходимларни, шу жумладан уларни хизмат фаолиятидан ажралмаган ҳолда ўқитиш ва махсус касбий тайёрлаш, мажбурий қайта тайёрлаш ва доимий малакасини ошириб боришнинг ички ишлар органлари кадрлар салоҳиятини оширишга имкон берадиган сифат жиҳатдан янги тизимини ташкил этиш;
иккинчидан — ёшларда ички ишлар органлари ходимлари учун зарур бўлган дастлабки касбий билим, юксак ватанпарварлик ва маънавий-ахлоқий фазилатларни шакллантиришни назарда тутадиган идоравий олий таълим муассасаларига кириш учун номзодларни мақсадли тайёрлаш бўйича самарали тартибни жорий этиш;
учинчидан — асосий қисми соҳавий фанларни ўқитишдан таркиб топган, шунингдек ҳудудий ички ишлар органларига бевосита чиқишни ва тергов-тезкор тадбирларини ўтказишда иштирок этишни назарда тутган амалий машғулотлар ташкил этишни ўз ичига олган янгиланган таълим стандартлари ва ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва киритиш;
тўртинчидан — таълим муассасалари профессор-ўқитувчилар таркибини малакали илмий-педагогик, биринчи навбатда соҳавий фанларни ўқитишга ихтисослашган кадрлар билан жамлаш, назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида катта амалий тажрибага эга бўлган мутахассисларни ўқув жараёнига кенг жалб этиш;
бешинчидан — ўқитишнинг замонавий шакл ва усулларини, энг янги педагогик ва ахборот-коммуникацион технологияларни, шу жумладан ситуацион машғулотларни, масофадан ўқитиш тизимини кенг жорий этиш, таълим олувчилар ва ўқитувчиларнинг глобал ахборот-ҳуқуқий ва таълим ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини таъминлаш;
олтинчидан — идоравий таълим муассасаларида ўқитиш йўналишлари ва мутахассисликларини амалиёт эҳтиёжини ҳамда ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги фаолиятини такомиллаштириш истиқболларини инобатга олган ҳолда тизимли равишда мақбуллаштириш;
еттинчидан — ички ишлар органлари фаолиятида, биринчи навбатда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, тезкор-қидирув фаолияти ва жиноятларни тергов қилиш соҳасида мавжуд бўлган муаммолар бўйича фундаментал ва амалиётга йўналтирилган илмий тадқиқотлар ўтказилиши самарадорлигини ошириш;
саккизинчидан — етакчи хорижий таълим муассасалари билан кадрлар тайёрлаш бўйича тажриба алмашиш, ҳамкорликдаги таълим дастурларини жорий этиш, профессор-ўқитувчилар таркибини, хорижий тилларни ўқитишни назарда тутган ҳолда, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказиш орқали халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.
Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун ихтисослашган олий таълим муассасаси бўлган Академияда кадрлар салоҳиятини оширишга имкон берадиган, сифат жиҳатидан мутлақо янги тизим ташкил этилди. Таълимнинг сиртқи шакли жорий этилиб, унда «Жиноятчиликнинг олдини олиш ва уларни фош этиш фаолияти» мутахассислиги бўйича «юрист» малакасини бериш белгиланди. Раҳбар кадрларни тайёрлаш факультетида «Ички ишлар органларида бошқарув фаолияти» мутахассислиги бўйича «менежмент» малакаси берилиши йўлга қўйилди.
Касбий тайёргарлик факультети ташкил этилиб, унинг асосий фаолият йўналишлари сифатида ички ишлар органларининг сержант ва офицерлар таркиби ходимларини махсус касбий тайёрлаш, шунингдек қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш вазифалари белгиланди. Таълим жараёнида мутахассислик фанларини кўпайтириш, янги таълим йўналишларини жорий этиш, мутахассислик кафедраларининг фаолиятини мақбуллаштириш мақсадида кундузги таълимда мутахассислик кафедралари сони олтитага етказилди.
Академия тузилиши замон талаблари асосида такомиллаштирилди. Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган шахсларнинг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланиб, Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасаларининг кундузги таълим шаклига ўқишга кирган шахсларга – курсант, Сиртқи таълим ва Касбий тайёргарлик ҳамда Раҳбар кадрларни тайёрлаш факультетларига ўқишга кирган, шунингдек ўқув марказларига юборилган шахсларга тингловчи мақомлари бериладиган бўлди.
Профессор-ўқитувчилар таркиби, тадқиқотчилар ва курсантларни хорижий илмий-маърифий тадбирлар ва семинар-тренингларда иштирок этишга, тажриба алмашишга, хорижий таълим муассасаларида малака ошириш ва стажировка ўташ учун тайёрлаш мақсадида Чет тиллар маркази ташкил этилди.
Илмий-амалий тадқиқотларни жадаллаштириш, тизимли равишда методик ва амалий қўлланмалар, тавсиялар ишлаб чиқиш, республикада шов-шувга сабаб бўлган ўта мураккаб жиноятларни фош этиш ва тергов қилишда ички ишлар органларига кўмаклашиш мақсадида Илмий-амалий тадқиқотлар маркази фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, Олий ўқув юртидан кейинги таълим факультети ташкил этилди.
Ҳозирги пайтда Академияда юридик фанларнинг «12.00.02 – Конституциявий ҳуқуқ. Маъмурий ҳуқуқ. Молия ва божхона ҳуқуқи», «12.00.08 – Жиноят ҳуқуқи, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш. Криминология. Жиноят-ижроия ҳуқуқи» ва «12.00.09 – Жиноят процесси. Криминалистика, тезкор-қидирув ҳуқуқи ва суд экспертизаси» ихтисосликлари бўйича илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар самарали фаолият юритмоқда.
Яна бир янгилик, 2020/2021-ўқув йилидан бошлаб Академия кундузги таълим шаклига қабул фақат идоравий академик лицейлар, ҳарбий академик лицейлар битирувчилари, ички ишлар органлари ходимлари, шунингдек профилактика (катта) инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари таркибидан амалга оширилиши белгиланди. Академияда ўқув-тарбия, илмий-тадқиқот жараёнлари ва моддий-техника базасининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича юзга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қайта ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.
Курсантларнинг ўз устида ишлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида Академияда ўқитиладиган фанлар бўйича электрон дарсликлар яратиш тизими йўлга қўйилди. Жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини чуқур ўрганишга қаратилган сайёр амалий машғулотлар ташкил этиш учун Академия курсантлари Тошкент шаҳрининг барча туманларига секторлар кесимида ички ишлар органларининг таянч пунктларига бириктирилди. Мутахассисларни тайёрлашда амалиёт органларининг юқори малакали мутахассислари ҳамда мавжуд моддий-техника базасидан самарали фойдаланиш мақсадида Тошкент шаҳар ва туман ички ишлар органларида Академия мутахассислик кафедраларининг 12 та филиали ташкил этилди. 2017 йилдан бошлаб курсантларнинг амалий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, келгусида хизмат фаолиятини олиб борадиган ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларини ўрганиш ва жамоага тез киришиб кетишларини таъминлаш мақсадида иш ўрганиш амалиёти ҳудудий ички ишлар органларида ўтказилиши йўлга қўйилди.
Ёшлар – мамлакатимиз таянчи, эртанги кунимиз бунёдкорлари. Ёш ходимлар ва курсантлар билан ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ҳамда самарали амалга ошириш ишлари тизимли равишда жорий этиб келинмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг Академиядаги бошланғич ташкилоти фаолияти йўлга қўйилди.
Академияда етакчи хорижий мамлакатлар полиция таълими тажрибаларини чуқур ўрганиш ва улар билан ҳамкорлик қилиш ишларига алоҳида эътибор қаратилади. Ана шу мақсадда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Россия, Хитой, Туркия, Қозоғистон, Беларусь Республикаси ва бошқа давлатларнинг таълим муассасалари билан кадрлар тайёрлаш ва ўзаро тажриба алмашиш борасида изчил ҳамкорлик ўрнатилган.
Ҳозирги пайтда Академияда Ўзбекистон Республикаси билан Хитой Халқ Республикаси ҳукуматлари ўртасидаги келишув асосида Ситуацион полигон ҳамда Модуляция ва симуляция марказини ўз ичига олган иншоот барпо этилмоқда. Мазкур иншоотнинг вазифаси Академия тингловчи ва курсантларига тегишли мутахассисликлар бўйича чуқур амалий таълимни шакллантириш ҳамда келажакда ўз хизмат вазифаларини муваффақиятли бажаришга имкон берадиган касбга оид малака ва кўникмаларни ҳосил қилишдан иборат. Эътиборли жиҳати шундаки, иншоот фойдаланишга топширилгач, Марказий Осиёда шу каби ўқув объектининг йирик ва ягона марказига айланади.
Мухтасар қилиб айтганда, Ички ишлар вазирлиги Академиясида малакали кадрлар тайёрлаш жараёни изчил ислоҳотлар асосида давом эттирилмоқда. Бу эса юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, Ватанимиз тақдири ва истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир олий малакали мутахассис кадрлар сафини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.