Ўз Ру En
×

Академиянинг ҳуқуқий мақоми

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясининг Устави

 

1-§. Умумий қоидалар

 

        1. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси (бундан буён матнда – Академия деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 2 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Академиясини ташкил этиш тўғрисида»ги 447-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимига киради.

         Академия ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга ихтисослашган олий таълим муассасаси ҳисобланади.

        Академия олий таълимнинг давлат таълим стандартлари, ўқув дастурлари ва ўқув курслари доирасида таълим жараёнини амалга ошириш билан шуғулланади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ўқув–услубий, илмий–педагогик, илмий–тадқиқот, маънавий–маърифий ва тарбиявий фаолиятини амалга оширади.

        Академия тезкор вазият кескинлашганда Тошкент шаҳри ва унинг атрофи бўйича мудофаа маконини ҳимоя қилиш режаси доирасида жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлашда, тезкор хизмат вазифаларини бажариш учун мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг захирасидаги тезкор-ўқув бўлинмаси ҳисобланади.

 

        2. Академия ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Қонуни ва бошқа қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг идоравий ҳужжатлари  ҳамда ушбу Уставга амал қилади.

 

        3. Академия юридик шахс ҳисобланиб, оператив бошқарувида ўзига хос махсус мол-мулкка эга ва ушбу мол-мулк бўйича ўз мажбуриятларига мувофиқ жавоб беради, ўз номидан мол-мулк сотиб олиши ва мулкий ҳамда номулкий ҳуқуқларни амалга ошириш, зиммасига мажбурият олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.

        Академия ўзининг мустақил балансига, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида ҳисоб-рақамига, республика банкларида хорижий валютадаги ҳисоб-рақамларига, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳр, штамплар ва бошқа реквизитлар эга.

 

        4. Академиянинг ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги расмий тўлиқ номи:

        ўзбек тили, кирил алифбосида – «Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси»;

        ўзбек тили, лотин алифбосида – «O‘zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Akademiyasi»;

        рус тилида – «Академия Министерства внутренних дел Республики Узбекистан»;

        инглиз тилида – «The Academy of the Ministry of Internal Affairs of the Republic of Uzbekistan».

 

        5. Академиянинг жойлашган ери (почта манзили): Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Интизор кўчаси, 68-уй, 100197.

 

2-§. Академиянинг асосий мақсади ва вазифалари

 

        6. Академиянинг асосий мақсади ички ишлар органлари учун зарур билим, амалий кўникма ва етук малакага эга олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш, ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шунингдек ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, тезкор-қидирув фаолияти ва жиноятларни тергов қилиш соҳасида мавжуд бўлган муаммоларга оид фундаментал ва илмий тадқиқотлар ўтказишдан иборат.  

 

        7. Қуйидагилар Академиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

        ички ишлар органлари учун етук касбий тайёргарликка, зарур билим ва кўнималарга эга бўлган, юқори малакали мутахассис, олий маълумотли ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш;

        ички ишлар органлари ходимларининг узлуксиз таълим тизимида самарали қайта тайёргарликдан ўтиши ва малакаси оширилишини таъминлаш;

        курсант ва тингловчиларни юксак даражадаги ватанпарварлик, мустақиллик ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, уларни фидойи, халқ ва жамият олдидаги ўз масъулиятини ҳис қилувчи, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилувчи, Ватанимиз келажаги учун виждонан ва ҳалол меҳнат қилувчи ходим сифатида шакллантириш;

        курсант ва тингловчиларда раҳбарлик (етакчилик) хислатларини, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мамлакатда жамоат хавфсизлигини таъминлаш вазифаларини виждонан бажаришга имкон берувчи жамоани бошқариш, соғлом аҳлоқий муҳит яратиш кўникмалари ва маҳоратини ҳосил қилиш;

        ўқитишнинг замонавий шакл ва усулларини, энг янги педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини, шу жумладан ситуацион машғулотларни, масофадан ўқитиш тизимини кенг жорий этиш, таълим олувчилар ва ўқитувчиларга глобал ахборот-ҳуқуқий ва таълим ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини таъминлаш;

        ўқитиш йўналишлари ва мутахассисликларини амалиёт эҳтиёжини ҳамда ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги фаолиятини такомиллаштириш истиқболларини инобатга олган ҳолда тизимли равишда мақбуллаштириш;

        ички ишлар органлари фаолиятида, биринчи навбатда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, тезкор-қидирув фаолияти ва жиноятларни тергов қилиш соҳасида мавжуд бўлган муаммоларга оид фундаментал ва амалиётга йўналтирилган илмий тадқиқотлар ўтказиш;

        минтақадаги криминоген вазиятни, мамлакатдаги ижтимоий хавфсизликка таҳдидларни чуқур таҳлил қилиш асосида ўқув, махсус ва методик адабиётлар тайёрлаш;

        ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, тезкор-қидирув фаолияти ва жиноятларни тергов қилиш соҳасида мавжуд бўлган муаммоларга оид фундаментал ва амалиётга йўналтирилган илмий тадқиқотлар асосида қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга қаратилган илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

        ички ишлар органлари шахсий таркиби, фуқаролар ва аҳолининг ижтимоий тузилмалари ўртасида ҳуқуқий ва илмий билимларни тарғиб қилиш;

        профессор-ўқитувчилар таркибини малакали илмий-педагогик, биринчи навбатда соҳавий фанларни ўқитишга ихтисослашган кадрлар билан жамлаш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда катта амалий тажрибага эга бўлган мутахассисларни ўқув жараёнига кенг жалб этиш;

        илмий-педагог кадрларнинг касб маҳорати ва илмий салоҳиятини ошириш;

        етакчи хорижий таълим муассасалари билан кадрлар тайёрлаш бўйича тажриба алмашиш, ҳамкорликдаги таълим дастурларини жорий этиш, профессор-ўқитувчилар таркибини, хорижий тилларни ўқитишни назарда тутган ҳолда, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказиш орқали халқаро ҳамкорликни ривожлантириш;

        моддий-техник базани замонавий талаблар ва стандартларга мувофиқ яхшилаш ва янгилаб бориш.

 

3-§. Таълим-тарбия ва илмий-тадқиқот ишларнинг субъектлари,
уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

 

        8. Академия бошлиғининг буйруғи билан кундузги таълим шаклига ўқишга кирган шахслар – курсантлар қаторига, сиртқи таълим шаклига, касбий тайёргарлик факультетига, раҳбар кадрларни тайёрлаш факультети (олий курслар)га ўқишга кирган шахслар эса – тингловчилар қаторига қабул қилинади.

 

        9. Академияга ўқишга қабул қилиш учун тегишли маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, шунингдек ички ишлар органларининг ҳарбий хизматчилари ва ходимлари номзодларни танлаш тартиби ва ўқишга қабул қилиш қоидаларига мувофиқ қабул қилинади.

        Академияда чет эл фуқаролари қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда ўқиши мумкин.

        Кундузги таълим шаклида ўқишга қабул қилинган курсантлар ўқишнинг биринчи босқичида ички ишлар органи ходимининг қасамёдини қабул қилади. Курсантлар ўқув муддатининг биринчи босқичини тугаллаганидан кейин муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ҳисобланадилар ва уларга мудофаа ишлари бўйича ҳудудий бўлим томонидан ҳарбий гувоҳнома берилади.

        Академия бошқа вазирликлар ва идоралар ходимларини шартнома асосида ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишлари бўйича фаолият юритиши мумкин.

 

        10. Курсантлар ва тингловчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

        фан, техника ва маданиятнинг замонавий тараққиёти даражасига мос келувчи билимлар олиш;

        Академиянинг муҳим масалаларини муҳокама этиш ва ҳал қилишда қатнашиш;

        Ахборот ресурс марказидан, тиббий, кийим-кечак ва бошқа тузилмалар (полигон, лаборатория, ўқув-методик хоналар, аудиториялар, ўқув ва ёрдамчи бинолар, спорт иншоотлари) хизматидан бепул фойдаланиш;

        илмий-тадқиқот ишларининг барча турлари, конференция ва симпозиумларда иштирок этиш, ўз ишларини ўрнатилган тартибда оммавий ахборот воситаларига чоп этишга тақдим қилиш;

        Академия жамоасининг ижтимоий ҳаётида, спорт секциялари, илмий ва бадиий ҳаваскорлик тўгаракларининг ишларида иштирок этиш;

        Академияда фаолият юритаётган жамоат бирлашмаларига аъзо бўлиш ва уларнинг ишида қатнашиш;

        битирув малакавий ва курс ишларини тайёрлаш учун материаллар тўплаш, илмий тадқиқотлар ўтказиш, илмий конференциялар ва спорт мусобақаларида иштирок этиш учун белгиланган тартибда хизмат сафарларига чиқиш;

        Академия раҳбариятининг буйруқ ва фармойишлари юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш.

        Курсант ва тингловчилар сифатли ва юқори савияда билим олиши, танлаган ихтисослиги бўйича юқори малакали мутахассис бўлиб етишиш учун зарур бўлган қонун ҳамда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга зид бўлмаган бошқа ҳуқуқлардан фойдаланишга ҳақлидир.

        Курсант ва тингловчилар ўз ҳуқуқларини суиистеъмол қилмаслиги, бу ҳуқуқлардан ўзга шахслар манфаатига зид мақсадларда фойдаланмаслиги шарт.

 

        11. Курсантлар ва тингловчилар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида белгиланган барча турдаги таъминотларни олиш ҳуқуқига эга.

        Курсантлар ва тингловчилар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига мувофиқ санитария нормалари ва қоидаларига жавоб берадиган яшаш жойлари билан таъминланадилар.

        Курсантлар ва тингловчиларга ички ишлар органларининг тиббий муассасалари, шунингдек фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширувчи бошқа даволаш-профилактика муассасалари томонидан бепул тиббий-санитария, тиббий-ижтимоий таъминот берилади ҳамда тиббий-санитария ёрдами кўрсатилади.

        Ўқитишнинг ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолдаги шаклида таълим олаётган тингловчи ва курсантлар тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган тартиб ва миқдорда стипендия билан таъминланадилар.

        Курсантлар тегишли қонун ҳужжатларига асосан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири стипендиясини олиш ҳуқуқига эгадирлар.

 

        12. Курсантлар ва тингловчиларнинг ўқишини кўчириш, ўқишга қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг идоравий ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

        Курсантлар ва тингловчилар ички ишлар органларида хизматда деб ҳисобланади, чет эл фуқаролари бундан мустасно.

 

        13. Курсантлар ва тингловчилар қуйидагиларга мажбурдир:

        давлат таълим стандартлари асосида фанларни ўзлаштириш, ўқув режаси ҳамда дастурларида кўзда тутилган барча турдаги топшириқларни белгиланган муддатларда бажариш;

        Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ҳамда мазкур Устав талабларига қатъий риоя қилиш;

        давлат ва хизмат сирларини сақлаш;

        ўрнатилган кун тартиби, ўқув ва хизмат интизомига қатъий риоя этиш;

        аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот ишларини олиб боришда иштирок этиш;

        ахлоқ-одоб қоидаларига риоя қилиш, ростгўй бўлиш, амалпарастлик, иғво, туҳмат, ҳасадгўйлик, тамагирлик, маиший бузуқлик каби иллатлардан холи бўлиш;

        жамоат тартибини сақлаш учун жалб этилганда ички ишлар органлари ходими деган юксак номни асраб-авайлаш, уни обрўсини янада юксалтириш чораларини кўриш;

        жамоат тартибини сақлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини жинояткорона тажовузлар ва бошқа ижтимоий хавфли ҳодисалардан ҳимоя қилишда хизматни ҳушёрлик ва фидойилик билан ўташ;

        ўзига бириктирилган қурол, махсус ҳимоя воситалари, Академиянинг мулкини, ўқув-техника воситалари ва жиҳозларни асраш.

 

        14. Ушбу Устав ва Академиянинг ички тартиб-қоидаларида белгиланган мажбуриятларни бузган тақдирда, курсант ёки тингловчига ўрнатилган тартибда интизомий жазо қўлланиши ёки ўқишдан четлаштирилиши мумкин.

 

        15. Малака ошириш, раҳбар кадрлар тайёрлаш, касбий тайёргарлик ва сиртқи таълим факультетларининг мақсад ва вазифалари, ташкилий тузилиши, унга тингловчиларни қабул қилиш тартиби, тингловчиларнинг таъминоти Ички ишлар вазири томонидан белгиланади.

 

        16. Академиянинг Олий ўқув юртидан кейинги таълим факультетида таянч докторантура, докторантура ёки мустақил изланувчилик шаклларидаги олий ўқув юртидан кейинги таълим амалга оширилади.

        Фалсафа доктори (Doctor of Philosophy (PhD) ва фан доктори (Doctor of Science (DSc) илмий даражалари изланувчилари Академиянинг Олий ўқув юртидан кейинги таълим факультетининг докторанти ёки мустақил изланувчилари ҳисобланадилар.

        Олий ўқув юртидан кейинги таълим факультетининг таянч докторантура ёки докторантурасига белгиланган тартибда қабул қилинган шахс докторант ҳисобланади.

        Олий ўқув юртидан кейинги таълим факультетига ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда докторлик диссертациясини тайёрлаш ва ҳимоя қилиш мақсадида мустақил изланувчиликка белгиланган тартибда қабул қилинган шахс мустақил изланувчи ҳисобланади.

 

        17. Олий ўқув юртидан кейинги таълим факультетига қабул қилиш, олий таълим муассасасига мустақил изланувчиларни бириктириш, шунингдек докторант ва мустақил изланувчилар диссертация устида ишлаётганликлари учун имтиёзлар бериш тартиби, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланади.

 

        18. Академияда профессор-ўқитувчилар таркиби, илмий ходимлар, саф қисми ходимлари, ўқув ишлари бўйича ёрдамчилар, муҳандис-техниклар, маъмурий-хўжалик ишлари, ишлаб чиқариш ва бошқа лавозимларда ходимлар фаолият юритиши мумкин.

        Профессор-ўқитувчилар таркибига факультет, кафедра, цикллар бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, профессор, доцент, катта ўқитувчи (катта ўқитувчи-методист), ўқитувчи (ўқитувчи-методист) лавозимлари киради.

 

        19. Академия ходимларини лавозимга тайинлаш ва ундан бўшатиш Ўзбекистон Республикасининг «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонуни ва ички ишлар органларида хизмат ўташни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда меҳнатга оид қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

        Академияга хизматда бўлишнинг энг юқори ёшига тўлган пайтида кўп йиллик хизмати учун пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладиган ўттиз ёшдан катта илмий даражага эга фуқаролар қабул қилиниши мумкин.

        Ички ишлар органларининг юксак касбий тайёргарликка, эгаллаб турган лавозимида иш тажрибасига эга бўлган ва соғлиғининг ҳолатига кўра хизматни ўташга яроқли ходимларига уларнинг хизмат муддати ўзининг розилиги билан, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланган тартибда беш йилгача, профессор-ўқитувчилик лавозимларини эгаллаб турган ва илмий даражага эга бўлган бошлиқлар таркибидаги шахсларга эса ўн йилгача бўлган муддатга узайтирилиши мумкин.

 

        20. Профессор-ўқитувчилар таркиби ва илмий ходимлари қуйидаги ҳуқуқларга эгадирлар:

        Академия фаолиятига доир масалаларни муҳокама этишда иштирок этиш;

        Ахборот ресурс маркази, ахборот-таълим портали, ўқув, илмий, ижтимоий-маиший, тиббий ва бошқа таркибий бўлинмаларнинг хизматларидан фойдаланиш;

        ўқитиш методлари ва воситаларини танлаш, ўқув ва илмий жараённинг юқори сифатини таъминловчи илмий тадқиқотлар олиб бориш;

        Академия раҳбариятининг буйруқ ва кўрсатмалари юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилиш;

        ўз фани бўйича сифатли дарсликлар ва ўқув қўлланмалар тайёрлаш;

        назарий билимларини амалий тажрибасини, илмий тадқиқот олиб бориш услубини, педагогик маҳоратини такомиллаштириб бориш;

        курсантлар ва тингловчиларнинг илмий тадқиқот ишларига раҳбарлик қилиш;

        грантлар, илмий лойиҳаларда иштирок этиш;

        ўз касбий фаолиятининг ташкилий ва моддий-техникавий таъминотига эга бўлиш;

        Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши мумкин.

 

        21. Профессор-ўқитувчилар таркиби ва илмий ходимларининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

        олий таълим ва олий таълимдан кейинги таълим ўқув фанларининг мазмунини давлат таълим стандартларига мувофиқ белгилаш;

        педагогик ва илмий жараёнларнинг юқори самарадорлигини таъминлаш;

        ички меҳнат тартиби қоидаларига қатъий риоя қилиш;

        ўзининг хизмат вазифаларини виждонан бажариш ва ўқитувчилик шаънига доғ туширмаслик;

        ушбу Уставга риоя қилиш;

        курсантлар ва тингловчилар билан олиб бориладиган маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларда бевосита иштирок этиш;

        таълим олаётганларда ички ишлар органлари мутахассиси учун зарур бўлган касбий хислатлар, замонавий ривожланиш ва демократия шароитларида меҳнат қилиш ва яшаш қобилиятларини шакллантириш;

        курсантлар ва тингловчиларда мустақил фикрлаш, ташаббускорлик ва ижодий ёндашув қобилиятларини шакллантириш;

        ўз малакасини ошириш борасида мунтазам шуғулланиш;

        ички ишлар органлари ходимлари ва аҳоли ўртасида ҳуқуқий, гуманитар ва бошқа илмий билимларни тарғиб қилиш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда фаол иштирок этиш;

        ўз жисмоний ва жанговар тайёргарлигини юқори даражада сақлаш, зиммасига қўйилган вазифаларни тезкор хизмат топшириқларини самарали бажаришга тайёр туриш;

        чет тили ва ахборот технологияларидан фойдаланиш саводхонлигини ошириб бориш;

        республикадаги ҳамда хориждаги етакчи турдош олий ўқув юртларидаги илғор педагогик технологиялар билан мунтазам равишда танишиб бориш ва орттирилган тажрибани таълим жараёнига татбиқ этиш;

        «Устоз-шогирд» тизимида иштирок этиб, ўзига бириктирилган шогирдлар билан илмий, маънавий-маърифий, тарбиявий ишларни амалга ошириш;

        ўзининг одоби, маданияти, маънавий савияси билан ўрнак бўлиш;

        қийиниш маданиятига риоя этиш;

        республикада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва жаҳонда рўй бераётган янгиликлардан хабардор бўлиш;

        муассаса, факультет, кафедра томонидан ташкил этиладиган маданий, маънавий, маърифий тадбирларда фаол иштирок этиш;

        ўзи ўқитадиган фан дастурини мунтазам фан ва техника ютуқлари асосида бойитиб бориш;

        дарсларни юқори савияда ўтиш;

        фан йўналишига тегишли янги манбаларни топиш ва улар билан тингловчи ва курсантларни таништириб бориш;

        рейтинг тадбирларини ўз вақтида ўтказиш;

        курсант ва тингловчилар билимини холисона баҳолаш;

        янги педагогик технологияларни дарс жараёнида қўллаш;

        илмий салоҳият ва педагогик маҳоратини ошириш;

        курсант ва тингловчиларнинг илмий-тадқиқот ишларига раҳбарлик қилиш;

        ички ишлар органларида амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол қатнашиш.

        Қонунчиликда назарда тутилган ҳолатлардан ташқари, ўқитувчиларни касбий мажбуриятларини бажаришдан ўзга ишларга жалб этиш ман этилади.

        Профессор-ўқитувчиларга илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият турлари билан шуғулланиш тақиқланади.

 

        22. Ходимларга Ўзбекистон Республикаси «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ички ишлар вазирлигининг идоравий ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва мажбуриятлар татбиқ этилади.

 

        23. Камида уч йилда бир марта профессор-ўқитувчилар таркибига малака ошириш учун зарур шароитлар яратилади.

 

        24. Маъмурий-хўжалик, муҳандислик-техника, ўқув-ёрдамчи ва бошқа ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари Академиянинг ички тартиб-қоидалари ва хизмат вазифалари билан белгиланади.

 

        25. Академия доимий таркиб ходимлари иш вақтининг давомийлиги ҳафтасига қирқ соатдан ошиши мумкин эмас.

        Зарур бўлган ҳолларда, Академия шахсий таркиби хизматни ўташга кучайтирилган ёки суткалик режимда жалб қилиниши мумкин.

        Кучайтирилган режим шахсий таркиб учун кунига иш вақтидан ташқари давомийлиги тўрт соатдан ошмайдиган иш белгиланишини назарда тутади.

        Суткалик режим шахсий таркиб учун хизматни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларига умумқўшин паёги нормалари доирасида белгиланадиган озиқ-овқат паёгини компенсация қилиш ўрнига хизматни ўташ жойида уч маҳал бепул овқатланган ҳолда суткалик ўташ белгиланишини назарда тутади.

 

4-§. Ўқув-тарбиявий ва илмий-услубий ишлар

 

        26. Академия олий таълим доирасида кундузги таълим шаклида қуйидаги мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлашни амалга оширади:

        тергов фаолияти;

        тезкор-қидирув фаолияти;

        ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти;

        эксперт-криминалистик фаолият;

        йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш фаолияти;

        хизмат фаолиятини психологик таъминлаш.

 

        27. Таълим жараёни Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилгандан сўнг тасдиқланадиган ўқув режаси ва дастурлар асосида ташкил этилади.

        Курсантларга касбий таълим дастурларини ўзлаштиришлари учун ўқув жараёнини мақсадли ташкил этиш, ўқитиш шакллари, методлари ва воситаларини танлаш орқали зарур шароит яратиб беради.

 

        28. Академияда ўқув машғулотларининг қуйидаги асосий турлари жорий этилади:

        маъруза, семинар, амалий машғулот, мустақил таълим, консультация, малакавий амалиёт (стажировка), курс иши, назорат иши, битирув малакавий (илмий-тадқиқот) ишини тайёрлаш, мустақил иш.

        Барча турдаги аудитория машғулотларининг давомийлиги – 80 минут (икки академик соат) қилиб белгиланган. Ўқув машғулотлари орасида танаффус эълон қилинади.

        Таълим-тарбия жараёни ўзбек ва рус тилларида олиб борилади.

 

        29. Ўқув йили давомийлиги ўқув режасига биноан белгиланади, ҳар бир фан бўйича курсантларнинг ўзлаштириши рейтинг тизими асосида аниқланади.

        Курсантларга Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига мувофиқ таътил берилади.

        Билимларни тўлиқ ўзлаштирган курсантларни курсдан курсга кўчириш Академия Ўқув жараёнини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бошқармасининг тақдимномаси бўйича Академия бошлиғининг буйруғи билан амалга оширилади.  

        Шартли кўчиришга йўл қўйилмайди.

        Олий таълим дастурларини эгаллаш битирувчиларнинг Якуний Давлат аттестацияси билан тугалланади.

 

        30. Академия олий таълим доирасида сиртқи таълим шаклида жиноятларни олдини олиш ва фош этиш фаолияти мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлашни амалга оширади.

 

        31. Академия раҳбар кадрлар тайёрлаш факультетида ички ишлар органларининг бошқарув фаолияти мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлашни амалга оширади.

 

        32. Ички ишлар органларининг офицерлар таркиби ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Академия малака ошириш факультетида амалга оширилади.

 

        33. Ички ишлар органларининг сержант ва офицерлар таркиби ходимларини махсус касбий тайёрлаш, шунингдек сержантлар таркибини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Академия касбий тайёргарлик факультетида амалга оширилади.

        Академия касбий тайёргарлик факультетида қуйидаги мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлашни амалга оширади:

        профилактик фаолияти;

        йўл-патруль фаолияти;

        миграцияни ва фуқароликни расмийлаштиришни таъминлаш фаолияти;

        патруль-пост фаолияти;

        қўриқлаш фаолияти;

        жазони ижро этиш фаолияти;

        маъмурий фаолиятни таъминлаш.

 

        34. Академияда тайёрланадиган мутахассисликлар рўйхати белгиланган тартибда кенгайтирилиши мумкин.

 

        35. Академияда илғор педагогик ва ахборот технологияларини жорий этиш, таълим беришнинг модул тизимини жорий этиш, ўқув жараёнининг ички ишлар органларининг амалий фаолияти билан боғлиқликни кучайтириш ҳисобига мутахассислар тайёрлашнинг сифатини оширишга қаратилган илмий-тадқиқот ишлари олиб борилади.

 

        36. Олий ўқув юртидан кейинги таълим факультетида қуйидаги илмий ихтисосликлар бўйича олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш ишлари амалга оширилади:

        12.00.01 – Давлат ва ҳуқуқ назарияси ва тарихи; ҳуқуқий таълимотлар тарихи;

        12.00.02 – Конституциявий ҳуқуқ; маъмурий ҳуқуқ; молиявий ҳуқуқ ва божхона ҳуқуқи;

        12.00.03 – Фуқаролик ҳуқуқи; тадбиркорлик ҳуқуқи; оила ҳуқуқи; халқаро хусусий ҳуқуқ;

        12.00.08 – Жиноят ҳуқуқи; ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, криминология; жиноят-ижроия ҳуқуқи;

        12.00.09 – Жиноят процесси; криминалистика; тезкор-қидирув ҳуқуқи; суд экспертизаси.

        Олий ўқув юртидан кейинги таълим факультетида эҳтиёж бўлганда бошқа илмий ихтисосликлар бўйича ҳам олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш ишлари амалга оширилиши мумкин.

        Академияда ўрнатилган тартибда тегишли ихтисосликлар бўйича фан доктори илмий даражасини бериш бўйича очиқ (ёпиқ) илмий кенгашлар ташкил этилиши мумкин.

 

        37. Академия илмий тадқиқот ишлари режасига кўра курсант, тингловчи, докторант, мустақил изланувчиларни кенг жалб қилган ҳолда мақсадли илмий тадқиқот ишларини олиб боради.

 

        38. Илмий тадқиқотлар фан, техника ва маданиятнинг устувор йўналишлари бўйича фундаментал, амалий инновацион тадқиқотларини амалга ошириш учун ажратилган давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади.

 

5-§. Академиянинг таркиби

 

        39. Академия ташкилий жиҳатдан раҳбарият, ўқув-илмий, ташкилий-инспекторлик, кадрлар, тарбиявий ишлар, молия, қурол-аслаҳа, таъминот бўлимларидан, факультетлар, кафедралар, саф бўлинмалари ва бошқа ўқув-ёрдамчи ҳамда хўжалик бўлинмаларидан иборат бўлиши мумкин.

 

6-§. Академияни бошқариш

 

        40. Академияга Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган Академия бошлиғи раҳбарлик қилади.

        Академия бошлиғи Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойиши билан тайинланади.

 

        41. Академия бошлиғи Академия фаолиятининг натижалари учун тўлиқ жавобгардир. У Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Академия номидан иш кўради, уни барча орган, муассаса ва ташкилотларга тақдим қилади, Академиянинг мол-мулкини тўғри сарфланишини назорат қилади, шартномалар тузади, ишончномалар беради, банкда Академиянинг ҳисоб рақамини очади, кредитларни назорат қилади.

        Академия бошлиғи ўз ваколати доирасида:

        таълим олувчилар ва барча ходимлар учун мажбурий бўлган буйруқ ва кўрсатмалар беради;

        ўз ўринбосарларининг аниқ вазифалари ва мажбуриятларини белгилаб беради;

        Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ходимларни ишга қабул қилади ва ишдан бўшатади;

        Академия таркибига кирувчи таркибий тузилмаларнинг вазифаларини белгилайди ва улар тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;

        Илмий кенгаш фаолиятига раислик қилади;

        ходимларнинг ойлик маошларига устама ва қўшимча ҳақлар белгилайди;

        ички иш тартиби ва қоидаларини тасдиқлайди;

        ўрнатилган тартибда сафдорлар, сержантлар ва офицерлар таркибига махсус унвонлар беради;

        берилган штатлар сони кўламида профессор-ўқитувчилар таркибини ва ўқув-ёрдамчи ходимларни кафедралар ўртасида тақсимлайди ва қайта тақсимлайди;

        тасдиқланган штатлар сони ва бюджет маблағлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда Академия тузилишини шакллантиради.

        Академия бошлиғи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

 

        42. Академия бошлиғининг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири томонидан тайинланади. Академия бошлиғи ўринбосарларининг хизмат вазифаларини Академия бошлиғи тасдиқлайди.

 

        43. Академияда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2003 йил 9 февралдаги 9-сон буйруғи билан тасдиқланган Олий таълим тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 1222, 2003 йил 22 февраль) мувофиқ, фаолиятнинг асосий масалаларини кўриб чиқиш учун Илмий кенгаш ташкил қилинади.

        Илмий кенгаш Академия бошлиғининг буйруғи билан тузилади. Унинг таркибига Академия бошлиғи, Академия бошлиғининг ўринбосарлари, факультет, курс, кафедра, бўлим, хизмат бошлиқлари, етакчи мутахассислар, профессор-ўқитувчилар, жамоат бирлашмаларининг вакиллари киради.

        Илмий кенгаш таркибига ўзгартиришлар Академия бошлиғининг буйруғи билан киритилади.

        Илмий котиб томонидан, Кенгаш раисининг кўрсатмасига биноан, мажлисда муҳокама қилинадиган масалаларнинг мазмун-моҳиятидан келиб чиққан ҳолда, Илмий кенгаш аъзоси бўлмаган ходимлар ҳам Кенгаш йиғилишида иштирок этиш учун таклиф қилиниши мумкин.

        Илмий кенгаш фаолияти Академия бошлиғи томонидан тасдиқланадиган низом билан тартибга солинади.

 

        44. Академияда қонун ҳужжатларига мувофиқ, профессор-ўқитувчилар таркиби, илмий ходимлар, докторантлар, курсант ва тингловчилар, ўқув-тарбиявий, маъмурий-хўжалик ходимларини бирлаштирувчи илмий, спорт ва бошқа турдаги жамоат бирлашмалари тузилиши мумкин.

        Жамоат бирлашмаларининг таклифлари Академия раҳбарияти ва Илмий кенгашида кўриб чиқилади.

 

        45. Академия касбий тайёргарлик факультетига Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири томонидан тайинланган Касбий тайёргарлик факультети бошлиғи раҳбарлик қилади.

 

        46. Академия раҳбар кадрлар тайёрлаш факультетига Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири томонидан тайинланган Раҳбар кадрлар тайёрлаш факультети бошлиғи раҳбарлик қилади.

 

        47. Академия сиртқи таълим факультетига Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Кадрлар бош бошқармаси билан келишилган ҳолда Академия бошлиғи тайинлаган Сиртқи таълим факультети бошлиғи раҳбарлик қилади.

 

        48. Академия малака ошириш факультетига Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Кадрлар бош бошқармаси билан келишилган ҳолда Академия бошлиғи тайинлаган Малака ошириш факультети бошлиғи раҳбарлик қилади.

 

        49. Кафедрага Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Кадрлар бош бошқармаси билан келишилган ҳолда Академия бошлиғи тайинлаган кафедра бошлиғи раҳбарлик қилади.

 

        50. Циклга Академия бошлиғи тайинлаган цикл бошлиғи раҳбарлик қилади.

   
        51. Кафедра, цикл бошлиғининг вазифалари ва улардаги профессор-ўқитувчиларнинг фаолият кўрсатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Ички ишлар вазирликларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари билан белгиланади.

 

7-§. Молия-хўжалик фаолияти ва моддий-техник база

 

        52. Ушбу Уставда кўзда тутилган фаолиятни таъминлаш мақсадида, давлат томонидан оператив бошқарув ҳуқуқида Академияга бинолар, иншоотлар, хўжалик мажмуалари, жиҳозлар ҳамда бошқа зарур истеъмол, ижтимоий ва бошқа турдаги мол-мулклар бириктирилади.

        Академия давлат тасарруфидан чиқарилиши ва хусусийлаштирилиши фақат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори орқали амалга оширилиши мумкин бўлган объектлар сирасига киради. Академияга ажратилган ер ҳудудлари муддатсиз ва бепул фойдаланиш учун бириктирилган.

 

        53. Академияга жисмоний ва юридик шахслар томонидан ҳадя сифатида ёки васият билан берилган пул маблағлари, мол-мулк ва бошқа мулкий объектларга, ўз фаолиятининг ақлий ва ижодий меҳнат маҳсулига ҳамда ўз фаолиятидан орттирган фойдаси ва шу фойда ҳисобига сотиб олинган мулкий объектларга эгалик қилиш ҳуқуқи берилган.

 

        54. Академия ижарачи ва мол-мулкини ижарага берувчи сифатида ҳуқуқий муносабатга киришишга ҳақлидир. Академия мулкини ижарага бериш Ўзбекистон Республикасининг давлат мулкини ижарага бериш тўғрисидаги қонун хужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

 

        55. Академиянинг таълим фаолиятини молиялаштириш, мутахассисларни давлат грантлари асосида тайёрлаш, ички ишлар органлари ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш белгиланган меъёрдан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бюджети ҳамда бюджетдан ташқари, шу жумладан, ўрнатилган тартибда тўлов-контракт асосида тингловчиларни ўқитиш эвазига олинган маблағлар ҳисобига амалга оширилади.

 

        56. Таълим ва бошқа соҳаларда, агар у Академиянинг асосий фаолиятига зарар етказмаса, пулли хизмат кўрсатиши мумкин. Академия олиб бораётган тадбиркорлик фаолияти унинг Уставидаги вазифаларига мос келиши керак.

        Академия хусусий мулки билан хўжалик жамиятлари ва бирлашмаларининг жамғармаларида иштирок этиш, пулли таълим, маслаҳатлар бериш ва бошқа хизматлар баҳосини белгилаш, олинган фойданинг солиқлардан ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа мажбурий тўловлардан қолган қисмига мустақил эгалик қилиш ҳуқуқига эга.

        Академиянинг пулли таълим хизмати бюджет ҳисобига молиялаштирилувчи таълим фаолияти ўрнига ёки унинг доирасида амалга оширилиши мумкин эмас.

        Академия Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига ва ушбу Уставга зид келмайдиган шартномаларни тузиш, мажбуриятлар ва бошқа шартларни белгилаш масалаларини мустақил равишда ҳал этади.

 

        57. Академияда қонунда ўрнатилган тартибда, бюджетдан ташқари маблағлар, меҳнатга ҳақ тўлаш фонди ва бошқа манбалар ҳисобига таълимни ривожлантириш, малакали ўқитувчиларни тайёрлаш, ходимларини ҳамда тингловчи-курсантларни моддий рағбатлантириш жамғармалари ташкил этилиши мумкин.

 

        58. Академия ходимларининг лавозим маошлари Ички ишлар вазирлигининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари асосида белгиланади. Бюджетдан ташқари маблағ ҳисобидан бериладиган қўшимча ҳақ, қўшимча устама ҳақ ва бошқа моддий рағбатлантиришлар миқдорини Академия мустақил равишда белгилайди, бюджет ҳисобидан амалга ошириладиганлари эса меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида, қонунда белгиланган миқдорда ўрнатилади.

 

8-§. Халқаро ҳамкорлик

 

        59. Академиянинг халқаро ҳамкорлик фаолияти Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро, ҳукуматларларо, идоралараро шартномалари, Академиянинг хорижий ташкилотлар билан тузган битимлари асосида амалга оширилади.

        Академиянинг халқаро ҳамкорлик фаолияти Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Халқаро ҳамкорлик бошқармаси томонидан мувофиқлаштириб борилади.

 

9-§. Якунловчи қоидалар

 

        60. Ушбу Уставга ўзгартириш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг буйруғи билан киритилади.

 

        61. Академияни қайта ташкил қилиш ёки тугатиш қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech