Академия Кенгаши доимий асосда фаолият юритувчи коллегиал орган ҳисобланади.
Кенгашнинг мақсади Академия жамоаси саъй-ҳаракатлари, интеллектуал салоҳияти ва бошқа барча имкониятларини таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ҳамда Академиянинг таълим ва илмий тадқиқот фаолиятига тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш, олий таълимнинг давлат таълим стандарти талаблари даражасида мукаммал билим, малака, кўникмаларга эга бўлган етук профессионал кадрлар тайёрлашга йўналтиришдан иборат.
Кенгаш Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси, Ички ишлар вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлигининг идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ҳамда мазкур Низом асосида фаолият юритади. Ўз фаолиятини қонунийлик, ошкоралик, мустақиллик, эркин фикр, коллегиаллик ва яккабошчиликнинг уйғунлиги, жамоа фикрини ҳисобга олиш принциплари асосида амалга оширади.
Қуйидагилар кенгашнинг вазифалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни ва таълим соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Академия фаолиятига татбиқ этиш;
замонавий педагогик технологиялар ҳамда илғор маҳаллий ва хорижий тажрибани таълим жараёнига жорий этиш;
ўқув дастурларини тасдиқлаш, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда ижросини ташкил этиш ва назорат қилиш;
илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш, фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар ўтказишни ташкил этиш;
мутахассислик ва танлов фанлари бўйича тайёрланган дарслик, ўқув қўлланма ҳамда монография қўлёзмаларини нашр этишга тавсия этиш;
китобхонлик маданиятини ошириш, хорижий тилларни ўрганиш, фан, таълим ва амалиёт интегратсиясини таъминлаш чораларини белгилаш;
Академиянинг хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорлигини ривожлантириш;
ўз хизмат фаолиятида юқори натижаларга эришиб, намуна кўрсатиб хизмат қилаётган профессор-ўқитувчилар ва ходимларни рағбатлантириш;
одоб-ахлоқ қоидаларини, хизмат интизомини бузганлиги, ўқув дастурини ўзлаштира олмаганлиги учун курсант (тингловчи)ни курсант (тингловчи)лар сафидан четлатиш масаласини кўриб чиқиш.
Академия бошлиғи ва ўринбосарлари, факултет, кафедра, бўлим, хизмат бошлиқлари лавозимига кўра кенгаш таркибига киради. Мазкур лавозимдаги раҳбарлар бошқа ишга ўтган тақдирда, ушбу лавозимларга янгидан тайинланган ёки уларнинг ўрнини босадиган ходимлар кенгаш таркибига киритилади.
Академия бошлиғининг биринчи ўринбосари ҳамда илмий ишлар бўйича ўринбосари лавозимига кўра кенгаш раисининг ўринбосарлари ҳисобланади. Кенгаш раиси бўлмаганида кенгаш мажлисини унинг ўринбосарларидан бири ўтказади. Кенгаш илмий котиби Академия бошлиғининг буйруғи билан лавозимига тайинланади ва лавозимдан озод қилинади. Қоида тариқасида илмий даражага ҳамда камида беш йил илмий ва илмий-педагогик тажрибага эга бўлган, шаҳодатланган ходимлар илмий котиб лавозимига тайинланиши мумкин.