Марказ ўз фаолиятини 2009 йилда психология ва касб этикаси кафедраси таркибида бошлаган. Ўшанда таркибий тузилма Психологик хизмат кўрсатиш маркази деб юритилар эди. 2014 йилда шахсий таркиб билан ишлаш хизмати таркибида мустақил марказ сифатида қайта ташкил этилган. Шу йиллари жамоани педагогика фанлари доктори, доцент Р.Маҳмудов, психология фанлари номзоди, доцент Е.Агзамова ҳамда И.Ҳакимова бошқардилар.
Марказнинг асосий мақсади шахсий таркибнинг психологик тайёргарлик даражасини ошириш, ходимлар орасида руҳий зўриқишларнинг олдини олиш, уларнинг руҳий барқарорлигини таъминлаш, доимий ва ўзгарувчан шахсий таркибнинг касбий фаолият, таълим-тарбия масалаларида ижтимоий-психологик мослашувида малакали консультатив-методик, психологик ва психокоррекцион ёрдам кўрсатиш ҳамда маънавий-руҳий муҳит даражасини аниқлашдан иборат.
Ҳозирги кунда Марказ шахсий таркибга диагностик, консультатив ва психопрофилактик ёрдам кўрсатиш, шахсий таркибнинг психологик саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш борасида тадбирлар ўтказиш, якка ва гуруҳий коррекцион тренинг дастурлари ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, ишга ва ўқишга қабул қилинаётган номзодларнинг интеллектуал салоҳиятини ўрганиш, қурол билан хизмат олиб борадиган ходимларнинг руҳий-эмоционал ҳолати, салбий ҳиссиётларга берилувчанлигини аниқлаш учун психологик кўрикдан ўтказиш ва натижаларини таҳлил қилиш мақсадида малакали психодиагностик, психореабилитацион, консультатив-методик ва психокоррекцион ёрдам кўрсатиб келмоқда.
Шунингдек, бу ерда шахсий таркибнинг руҳий саломатлигини ўрганиш ва сақлашга қаратилган руҳий енгиллаштириш хоналари ташкил этилган.
Хизмат фаолияти психологияси кафедраси жамоаси билан ҳамкорликда тайёрланган дарслик ва ўқув-қўлланмалар ҳамда «Шахсда эмоционал-иродавий ҳолатлар намоён бўлишининг психологик жиҳатлари», «Назорат ўтиш жойларида автотранспорт воситалари ва фуқароларни назоратдан ўтказишда психологик методлардан фойдаланиш», «Одам савдоси жабрланувчилари билан ишлашнинг психологик жиҳатлари» номли ўқув модуллари курсант ва тингловчиларнинг психологик билимларини оширишга хизмат қилмоқда.