Диққат! Сайт синов режимида
Рус Ўзб O'z En

ИИВ АКАДЕМИЯСИДА ЎҚИШ ИСТАГИДА БЎЛГАН НОМЗОДЛАР УЧУН ЭЪЛОН

Ички ишлар вазирлиги академиясининг кундузги таълим бакалавриатида ўқишни хоҳлайсизми, унда қўйидагиларни билишингиз тавсия этилади.

 

Кимлар ўқишга қабул қилинади?

 

Академияга ўқишга кириш учун номзодлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги ПҚ-3413-сон қарори билан тасдиқланган “Ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги Низом”да белгиланган талабларга жавоб бериши зарур.

Номзодлар Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши, 17 ёшдан кичик (қабул йилида 17 ёшга тўладиганлар) ва 25 ёшдан катта бўлмаслиги (шу жумладан, 25 ёшдагилар), умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал маълумотга эга бўлиши керак.

 

Квоталар қандай тақсимланган?

 

Академияга умумий қабул квотасининг 90 фоизи Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги академик лицейлар ва ҳарбий академик лицейлар битирувчилари, ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчилари, шунингдек, профилактика (катта) инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари учун ажратилган.

Қолган 10 фоиз квота эса ўрта умумтаълим мактаблари битирувчилари ҳамда ўрта махсус маълумотга эга фуқароларга берилган.

 

Қандай ҳужжатлар талаб этилади?

 

Академияда ўқиш истагини билдирган номзоднинг аризаси (номзод ходим бўлган тақдирда билдиргиси) доимий яшаш жойи бўйича ҳудудий ички ишлар органларида қабул қилинади. Бунда номзод ўз ариза (билдирги)сида танлаган таълим йўналишини кўрсатиши керак.

 

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

номзод томонидан қўлда ва компютерда ёзилган таржимаи ҳол;

анкета (маълумотнома);

ҳарбий хизматга чақирилувчининг қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси ёки ҳарбий гувоҳнома нусхаси;

ўқиш, иш (агар ўқиётган ёки ишлаётган бўлса) жойидан тавсифнома;

доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойидан соғлигининг ҳолат ҳақида белгиланган намунадаги маълумотнома (бўй-басти кўрсатилган ҳолда);

ота-онасининг Академияга ўқишга киришига розилик хати.

 

Ўқишга қабул қилиш нечта босқичдан иборат?

 

Ўқишга қабул қилиш қуйидаги босқичларда амалга оширилади:

1) дастлабки танлов;

2) махсус касбий танлов;

3) якка тартибдаги якуний суҳбат.

 

Дастлабки танлов номзодга тегишли ҳужжатларни ва уни тавсифловчи маълумотларни тўплаш, номзод тўғрисидаги турли маълумотлар, шунингдек унинг соғлиги жиҳатдан ўқишга яроқлилигини аниқлашдан иборат.

 

Дастлабки танлов:

 

фуқаролар ҳамда ИИВ академик лицейлари битирувчилари учун – уларнинг доимий яшаш жойидаги тегишли ички ишлар органларида;

ҳарбий академик лицейлар битирувчилари учун – (ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш тадбирлари) уларнинг доимий яшаш жойидаги тегишли ички ишлар органларида ва (тиббий кўрикдан ўтказиш тадбирлари) ҳарбий академик лицей жойлашган ҳудуддаги ички ишлар органларида;

ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчилари учун – уларнинг хизмат жойи ва ҳарбий қисмларда (муассасаларда) ўтказилади.

 

Номзодлар вазирлик ҳамда ички ишлар органларида махсус ташкил этилган ҳарбий-тиббий комиссиялар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилади. 

Махсус касбий танлов ва якка тартибдаги якуний суҳбат ИИВ Академиясида бўлиб ўтади.

 

Махсус касбий танлов қуйидагилардан иборат:

ҳужжатларни ўрганиш;

тиббий кўрикдан ўтказиш;

ёзма иш (баён ёки иншо);

умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш;

чет тилларини ўзлаштирганлик даражасини баҳолаш. 

 

Шунингдек “эксперт-криминалистика фаолияти” ихтисослик йўналиши бўйича ҳужжат топширган номзодлар учун махсус касбий танлов қуйидаги тадбирларни ўз ичига олади:

ҳужжатларни ўрганиш;

тиббий кўрикдан ўтказиш;

умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш;

кимё, физика ва математика фанларини ўзлаштирганлигини баҳолаш.

 

Махсус касбий танловдан муваффақиятли ўтган номзод якка тартибдаги якуний суҳбатга қўйилади. Якка тартибдаги якуний суҳбат ҳуқуқшунослик, Ўзбекистон тарихи, тарбия фанлари бўйича ўтказилади. Ўз навбатида, юқоридаги босқичлардан муваффақиятли ўтган номзодларгина ўқишга қабул қилинади.

 

Ихтисослик йўналишлари ҳақида

 

Академиянинг кундузги таълим бакалавриатида ўқиш муддати 3 йилни ташкил этиб, бунда курсантлар ўзлари танлаган ихтисослик (“тезкор-қидирув фаолияти”, “ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти”, “эксперт-криминалистика фаолияти”, “жазони ижро этиш фаолияти”, “хизмат фаолиятини тарбиявий-психологик таъминлаш”, “ташкилий-штаб фаолияти”, “пробация фаолияти”) бўйича таълим оладилар.

 

Эслатиб ўтамиз, 2024/2025 ўқув йили учун ҳужжатларни қабул қилиш жорий йилнинг 15 февралига қадар давом этади.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech