1958 йилда СССР ЖТСВ Олий мактаби Сиртқи таълим факультетининг Тошкент бўлими ташкил этилди ва унга Т.Тешабоев бошлиқ этиб тайинланди. 1964 йилда сиртқи бўлим факультетга айлантирилди. Унга Тожиддин Жалилов бошлиқ этиб тайинланди. Кейинчалик факультетга А.Ниёзов, Э.Холматов раҳбарлик қилдилар. 1982 йилда Тожикистон ССРда сиртқи таълим факультетининг Душанбе бўлими очилди. Турли йилларда факультетни У.Таджиханов, Ҳ.Тожибоев, Н.Ваҳобов, А.Раҳмонқулов, И.Самандаров бошқардилар.
2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан Сиртқи таълим факультети янгидан ташкил этилди. Унинг асосий мақсади этиб ички ишлар органлари учун юксак касб маҳоратига эга бўлган, маънавий ва ахлоқий талабларга жавоб берадиган, ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш, жиноятчиликка қарши кураш, жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш фаолияти бўйича юксак касбий хислатларга эга бўлган, билимли, малакали ва олий маълумотли ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш белгиланди.
Факультетнинг вазифалари:
ички ишлар органларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятига оид замонавий назарий ва илғор амалий тажрибалар ҳамда билимларни эгаллаган, олган билимларини касбий фаолияти ва хизмат вазифаларини бажаришда қўллай оладиган мутахассислар тайёрлаш, ҳуқуқ-тартибот ва жамоат хавфсизлигини сақлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини виждонан ҳимоя қилишга қодир, юксак маданиятли, ижтимоий фаол, ҳалол ва интизомли ходимларни тарбиялаш;
тингловчиларда раҳбарлик (етакчилик) хислатларини, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мамлакатда жамоат хавфсизлигини таъминлаш вазифаларини виждонан бажаришга имкон берувчи жамоани бошқариш, унда соғлом ахлоқий муҳит яратиш кўникмалари ва маҳоратини ҳосил қилиш;
тингловчиларда ички ишлар органлари ходимлари учун зарур касбий психологик билим ва кўникмаларни шакллантириш;
тингловчиларнинг хизмат бурчларини тўлиқ ва виждонан бажаришларини таъминлаш мақсадида касбий маҳоратни шакллантиришга қаратилган жисмоний, жанговар, махсус ва руҳий тайёргарликни амалга ошириш;
тингловчиларнинг кундалик хизмат фаолиятида моҳирона бошқарувни таъминлаш, мураккаб вазиятларга қисқа фурсатларда мослашиш, фавқулодда вазиятларда тўғри қарор қабул қилишга қаратилган юқори жанговар, ахлоқий-эркин ва руҳий фазилатлар ҳамда хусусиятларни ўзлаштиришига эришиш;
тингловчиларнинг ўзлаштириш ва тайёргарлик сифатини назорат қилиш, ўқув жараёни мониторингини амалга ошириш;
таълим жараёнида масофадан туриб ўқитиш усулларидан фойдаланиш;
хорижий давлатларнинг турдош етакчи таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, ўқув жараёнига хорижий ҳамкор таълим муассасаларидан малакали ўқитувчилар ва олимларни жалб қилиш;
ижобий тажриба ва таълимнинг замонавий шакл ҳамда усулларини жорий қилиш, унинг ички ишлар органлари олдида турган вазифаларни ҳал қилишга амалий йўналганлигини таъминлаш асосида ўқув-тарбия жараёнини узлуксиз такомиллаштириб бориш;
ўқув жараёнига замонавий илғор информацион ва педагогик технологияларни, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини тайёрлаш бўйича илғор тажрибани жорий этиш;
ўқув жараёнини самарали ташкил этиш мақсадида ички ишлар органларининг тегишли соҳавий хизматлари, Академия кафедралари ва бошқа таркибий тузилмалари билан ҳамкорлик қилиш;
мутахассислик йўналишига мувофиқ ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқиш, факультетнинг моддий-техник базасини замонавий талаблар ва стандартларга мувофиқ мустаҳкамлаш ва янгилаб боришдан иборат.
Сиртқи таълим факультетига ўқишга қабул қилиш танлов, тенг ҳуқуқлилик ва қабул қилишнинг ягона қоидалари принциплари асосида дастлабки танлов, махсус касбий танлов ва якка тартибдаги якуний суҳбат каби босқичларда ташкил этилади ҳамда бир босқичдан муваффақиятли ўта олмаган номзодлар кейинги босқичга қўйилмайди.
Таълимнинг мазкур шаклида ўқитиш муддати олий маълумотга эга бўлмаган шахслар учун тўрт йил, олий маълумотга эга бўлган шахслар учун тўлов-контракт асосида уч йилни ташкил этиши назарда тутилди. Факультетни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларга «Жиноятчиликнинг олдини олиш ва уларни фош этиш фаолияти» мутахассислиги бўйича «юрист» малакаси ва диплом берилади.